Бухоро вилоятида 836 нафар фуқаро карантин даврини ўтаб, оиласи бағрига қайтди. Бу ҳақда «Дарё»га Бухоро ҳокимлигида коронавирус инфекциясининг кириб келиши олдини олиш бўйича тузилган штаб масъуллари хабар бермоқда.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Маълум қилинишича, хориждан қайтган 1917 нафар фуқаро вилоятдаги мавжуд 15 дан ортиқ карантин зоналарига жойлаштирилган. Уларнинг 836 нафари 14 кунлик карантин муддатини ўтаб бўлган. Уларда касаллик чиқмагани боис, уйига қайтарилган. 6153 нафар фуқаро эса уй карантинида сақланмоқда.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Бухоро Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати раҳбари Дилноза Комиловага кўра, жорий йилнинг 24 мартига қадар вилоятдаги жами 360 та меҳмонхонада яшаб келган 95 нафар хорижлик сайёҳ 25 март кунидан бошлаб, юртига қайтган.

Қўшимча қилинишича, «Теҳрон—Наманган» рейси орқали жорий йилнинг 16 март куни Наманган халқаро аэропортига учиб келган 15 нафар бухоролик икки ҳафта Намангандаги шифохоналардан бирида карантинда сақланган. 31 март куни эса улар ҳам Бухорога қайтган.

Аввалроқ махсус авиарейс билан 18 март куни Мисрдан Навоий шаҳрига олиб келинган 181 нафар Ўзбекистон фуқароси 2 апрель куни карантин муддатини тугатгани ва ўз уйларига кузатилгани ҳақда хабар берилган эди.