Фарғона шаҳрида бир кунда 171 нафар фуқаро шахсий автомобилида махсус рухсатномасиз ҳаракатлангани аниқланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ маълумотига таяниб, «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Мазкур ҳолат жорий йилнинг 31 март куни ўтказилган тадбирда аниқланган. Қайд этилишича, ушбу ҳайдовчилар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ҳамда йўл ҳаракати қоидаларининг тегишли бандларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган. Автомашиналар эса жарима майдончасига жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 30 март куни соат 06:00 дан шахсий транспортдан фойдаланишга чеклов қўйилди.  Фақат Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилди.

Автомашинасини тегишли тартибда олинган рухсатномасиз бошқарган ҳайдовчилар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахслар эса 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.