Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги 2 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Инфографика: Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 190 кишига етди. Касалланганларнинг 92 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилган. Фарғона вилоятидаги касалланганлар сони 26 кишини ташкил этса, кейинги ўринда Наманган вилояти 23 нафар бемор билан турибди. Шунингдек, Бухоро вилоятида 14, Андижонда 10, Хоразмда 9, Қашқадарёда 3 ва Навоийда 2 киши мазкур касалликдан даволанмоқда.

Мамлакатдаги коронавирусга чалинганларнинг 72 нафари хорижий мамлакатлардан қайтиб келган фуқаролар бўлса, 118 киши касалликни республиканинг ўзида мулоқот йўли билан юқтириб олган. Шу кунга қадар касалланган 185 кишининг инфекция манбаи аниқланган, 5 нафар бемор бўйича эпидемик суриштирув давом этмоқда.

Шу пайтгача 8 та хорижий давлатдан қайтиб келганлар орасида коронавирусга чалинганлар қайд этилган. Хусусан, Туркиядан келган 37 нафар, Россиядан келган 26 нафар фуқарода коронавирус аниқланган. Бундан ташқари, касаллик Англиядан келган 3 кишида ва Қирғизистондан келган 2 кишида қайд этилган, шунингдек, Франция, Саудия Арабистони, БАА ва Швейцариядан келганлар орасидан 1 кишидан коронавирус юқтирганлар аниқланган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда коронавирус қайд этилган биринчи бемор бевосита ва билвосита 21 кишининг касалланишига сабаб бўлган.

Вирус юқтириб олганларнинг 101 нафарини аёллар, 89 нафарини эса эркаклар ташкил этади. Ёш тоифаси бўйича қаралганда, 0-9 ёшдагилар 5 нафар, 10-19 ёшдагилар 8 нафар, 20-29 ёшдагилар 40 нафар, 30-39 ёшдагилар 45 нафар, 40-49 ёшдагилар 51 нафар, 50-59 ёшдагилар 29 нафар, 60-69 ёшдагилар 10 нафар ҳамда 70-79 ёшлилар 2 нафарни ташкил этмоқда. Касалланганларнинг 12 таси тузалиб, 2 киши вафот этган.

Ўзбекистон бўйича жами 100 700 киши карантинга олинган. Шундан 23 063 нафари стационар карантинда, 77 707 нафари эса уй шароитида карантинда турибди. Карантиндан чиқарилганлар сони 26 244 кишини ташкил этмоқда. Карантинга олинганларнинг 54 фоизини эркаклар, 38 фоизини аёллар, 2 фоизини кексалар ва 6 фоизини вояга етмаганлар ташкил қилган. Шу пайтга қадар 29 125 киши коронавирус бўйича текширувдан ўтказилган. Республикада 220 та муассаса карантин ўташ учун ажратилган бўлиб, уларнинг 164 тасида айни пайтда фуқаролар карантин муддатини ўтамоқда, 56 та муассаса захирада турибди.

COVID-19 аниқланишининг энг юқори кунлик динамикаси 28, 29 ва 31 март кунлари қайд этилган. Ҳозирча 40 нафар янги ҳолат билан 29 март биринчи ўринда кетмоқда. 31 март куни 22 та янги ҳолат қайд этилган бўлса, 28 март куни 16 кишида касаллик аниқланган. Қуйида касаллик қайд этилиши бўйича тўлиқ кунлик динамика:

Инфографика: Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Маълумотларга кўра, яқин вақт ичида яна 10 га яқин беморнинг тўлиқ соғайиши кутилмоқда.