Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 190 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, касалланганлар сони сўнгги ахборот берилганидан сўнг яна уч кишига кўпайган.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 187 нафарга етгани, Тошкентда даволанаётган 90 бемордан 23 нафарида пневмония кузатилаётганини, беш нафар беморнинг аҳволи оғирлигини маълум қилган эди.

2 апрель соат Тошкент вақти билан 11:45 ҳолатига мамлакатда коронавирусга чалинган 12 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга ўтказилган; маълумотларга кўра, яқин вақт ичида яна 10 га яқин беморнинг тўлиқ соғайиши кутилмоқда. Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати аниқланганидан буён ҳозирга қадар икки киши касаллик қурбонига айланган.