Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» социал-демократик партияси фракциясининг Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласига бағишланган йиғилиши видеоконференция тарзида бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Онлайн тарздаги йиғилишда депутатлар, бош вазири маслаҳатчиси, Инвестиция ва ташқи савдо ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари маъсул вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлисга мурожаатномада Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи бўйича қарор қабул қилишда, энг аввало, халқ манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозимлигига алоҳида урғу берилганди.

Таъкидланганидек, «Адолат» СДП фракцияси томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилди. Улар қуйидаги йўналишларда таҳлиллар олиб бормоқда:

  • ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакат учун нима манфаат бериши ёки қандай салбий оқибатларга олиб келиши;
  • қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини иттифоқ билан муосабатлардаги кесишмалари;
  • ЕОИИ билан ҳамкорликнинг Ўзбекистонинг бошқа халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсири.

Йиғилишда «Адолат» СДП фракцияси махсус ишчи гуруҳининг дастлабки хулосалари тингланди. Депутатлар ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодига нима беришига эътибор қаратди:

  • биринчидан, аъзолик ЕОИИ давлатларидаги мигрантлар масаласида айрим ижобий натижаларни келтириб чиқаради (2,5 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси мигрант сифатида меҳнат қилмоқда). Улар ишлаш ва яшаш ҳужжати билан боғлиқ турли тўловлар учун чет давлатлар ҳисобига миллиардлаб доллар атрофида маблағ сарфламоқда. Аъзоликдан сўнг фуқаролар ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўлади ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 миллиарддан 7-8 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда;
  • иккинчидан, аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик яхши натижа беради, чунки улар газ қазиб олиш ва уни қайта ишлашда дунёда етакчи ҳисобланади;
  • учинчидан, туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар очилади. Халқаро юк ҳамда йўловчи ташувлари соддалаштирилади;
  • тўртинчидан, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ортади. Катта бозорга чиқиш ва ўзининг маҳсулотларини экспорт қилиш орқали айрим тадбиркорларимиз фаолияти янада кенгаяди.

Депутатлар аъзолик қуйидаги салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлашди:

  • биринчидан, ЕОИИга аъзо бўлиш натижасида мамлакат саноати (автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа) 2 миллиард АҚШ доллари атрофида йўқотишга учрайди;
  • иккинчидан, ЕОИИ давлатлари ташқи савдо сиёсатини етарлича мустақил мувофиқлаштириш имкониятига эга эмас;
  • учинчидан, депутатлар томонидан Евросиё иқтисодий иттифоқи олдиндан белгиланган қоидалар орқали бошқариладиган ва низолар келишилган қоидаларга кўра ҳал эта оладиган ташкилотга ҳали айланиб улугурмаганлиги танқидий баҳоланди (таҳлилларга кўра давлатларнинг муҳим манфаатлари тўқнаш келганда иттифоқ қоидаларини бир томонлама бузилиши кузатилмоқда);
  • тўртинчидан, ЕОИИнинг энг асосий аъзоси (иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоиз ташкил этувчи) Россия ҳозирги кунда халқаро санкциялар ва босим остида. Бу унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда, охирги 2 йилда рубль бир неча баравар қадрсизланган. Ушбу мамлакат билан битта иттифоқ доирасида ҳамкорликка киришиш келгусида бизнинг иқтисодиётимизга ҳам салбий таъсирини ўтказади.

Фракция йиғилишида депутатлар ЕОИИга Ўзбекистонни аъзо бўлиб кириши натижасида вужудга келувчи оқибатларнинг дастлабки сарҳисобига таянган ҳолда ҳозирча фақат кузатувчи давлат сифатида киришини мақуллади. Шунингдек, парламентнинг ишчи гуруҳи доирасида кенг қамровли таҳлиллар олиб бориш орқали маъсул мутахассислар билан муҳокамалар ўтказиш, уларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этишга келишиб олинди.

Аввалроқ Ўзбекистон парламенти Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласини ўрганишга киришгани ҳақида хабар берилган эди. Март ойининг бошларида эса Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилиши маълум бўлганди. Олий Мажлис депутати ЕОИИга аъзо бўлиш тарафдорлари тақдим қилган чалғитувчи рақамлардан эҳтиёт бўлишга чақирган.