Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган ва Тошкент вилоятидаги «Энергетиклар» сиҳатгоҳида сақланаётган 7 нафар фуқаро карантин қоидаларини бузгани учун 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов «Дарё»га маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Хабар берилишича, 1 апрель, чоршанба куни, соат 20:00 да Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган «Энергетиклар» сиҳатгоҳида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридан Ўзбекистонга қайтган ва карантинда бўлган 7 нафар фуқаро — Ш.У., К.А., И.К., Д.М. (аёл), Ш.Т. (аёл), Ф.Н. (аёл) ва П.Р. (аёл) белгиланган карантин қоидаларини бузган.

Улар ҳар хил уятли сўзлар билан ушбу сиҳатгоҳда сақланаётган бошқа фуқаролар ва карантин тартибини назорат қилувчи ходимлар олдида бақир-чақир қилиган, уларнинг тинчлигини бузган. Улар тинчликни таъминлаш учун келган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат жойида уларни ҳам уятли сўзлар билан сўкиб, майда безорилик қилган.

Юқори Чирчиқ туман маъмурий судида 3 апрель, жума куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосида мазкур шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилди.

Суд уларнинг айблари ишда тўпланган далиллар билан ўз тасдиғини топган, деган хулосага келди. Суднинг 3 апрелдаги қарори билан мазкур 7 нафар фуқаронинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Аввалроқ Фарғонада карантин қоидасини бузиб, ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатган аёл 5 суткага, ИИБ ходимларини Telegram’да ҳақорат қилиб, сохта маълумот тарқатган қўқонлик депутат 15 суткага қамалган эди. Ўзбекистонда карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 22 286 та ҳолат аниқланди.