Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель, жума куни, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда Президент корхоналарнинг изчил ишлашига кўмаклашиш, барча имконият ва захираларни тўлиқ сафарбар этиш зарурлигини таъкидлади.

«Битта корхона фаолиятини тўхтатишига ҳам ‘фавқулодда ҳолат’ деб қаралиши керак. Чунки бу корхоналар қанчадан-қанча иш ўринлари ва оилалар даромадини таъминламоқда. Йил бошида барча ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириши бўйича мурожаат қабул қилиб, катта марраларни белгилаб олган эдик. Ҳозир синов даври. Қайси ҳоким ҳисоб-китобини жой-жойига қўйиб, ички резерв, яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланса, бу марраларга, албатта, эришади. Тадбиркорларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, мушкулини осон қилиш ва барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳозирги пайтда ҳар доимгидан ҳам муҳим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ялпи ички маҳсулотнинг асосий қисми ва аҳоли бандлигини таъминлайдиган 2 мингдан ортиқ йирик корхона фаолияти умуман тўхтамаслиги кераклиги таъкидланди. Бунинг учун уларнинг ҳар бирига Президент маслаҳатчилари, бош вазир ўринбосарлари, вазирлик, идора ва банклар раҳбарлари масъул этиб бириктирилди. Ушбу корхоналарда карантин тартиб-қоидаларига қатъиян амал қилган ҳолда, Республика махсус комиссиясининг қарорларига риоя этган ҳолда иш ташкил этилади. Бириктирилган раҳбарлар корхоналарга инфратузилма ва хом ашё таъминоти, маҳсулот ва ишчиларни ташиш, солиқ, кредит, божхона масалаларида амалий ёрдам бериб боради.

Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ўз ҳудудидаги корхоналарни оталиққа олиб, улар билан мунтазам равишда бирма-бир ишлайди. Туман Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимида штаб ташкил этилиб, ҳар бир тадбиркорнинг муаммоси ҳал этиб борилади.

«Ҳамма шуни яхши билиши керак: бирорта ҳам тадбиркорни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз», — деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Айтиб ўтилганидек, пандемия оқибатлари оғир таъсир қиладиган ушбу корхоналар билан алоҳида ишлаш зарур. Молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналар раҳбарлари имтиёз олиш учун банк ва солиқ идораларида сарсон бўлиб юрмаслиги керак.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишига қўшимча 3,6 триллион сўм ажратилди. Бу маблағлар, энг аввало, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади. Хусусан, 152 та лойиҳанинг муаммолари ҳал қилинса, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Видеоселектор йиғилишида экспорт масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Юкларни темир йўл орқали контейнерда ташиш, станцияларда рефрижератор сексияларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга мева-сабзавотлар, тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, қурилиш материаллари экспорти бўйича ҳар бир корхона муаммосини тезкор ҳал қилиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.

Аҳолини зарур истеъмол товарлари, озиқ-овқат, дори ва гигиена маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистондаги 358 та деҳқон бозори ва улардаги «Элга хизмат» корхонасини жалб этиб, маҳаллаларда соддалаштирилган кўчма савдони йўлга қўйиш чоралари белгиланди.

Қолаверса, аҳоли ихтиёрида 4,5 миллионта томорқа хўжалиги бор. Шу кунларда улардан ҳам маҳсулот олина бошлайди. Шу боис томорқадан маҳсулотларни сотиб олувчиларга карантинга амал қилган ҳолда эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиш бўйича кўрсатма берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига шундай тартибни вилоят марказларида ҳам ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмасига тижорат банклари билан биргаликда бу йил ҳунармандчилик лойиҳалари учун ажратилган 50 миллион доллар кредит маблағларининг эгаларига тўлиқ етиб боришини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда давлат бюджети тушумлар прогнозининг бажарилишига оид масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 2020 йилнинг биринчи чорагида бюджетга 24 триллион сўм солиқ ва 4,8 триллион сўм божхона тушумлари йиғилиб, барча ҳудудларда даромадлар прогнози тўлиқ бажарилган.

Масалан, иккинчи чоракда табиий газ сотиш ҳажми камайиши, миснинг жаҳон бозоридаги нархи пасайиши каби омиллар ҳисобига бюджетга солиқ тушуми биринчи чоракка нисбатан 1,4 триллион сўмга камайиши ҳисоб-қитоб қилинмоқда. Бундай ҳолат божхона тушумларида ҳам кузатилади.

Бу вазият молия, солиқ, божхона ва бошқа иқтисодий комплекс идораларидан юқори даражада сафарбарликни талаб этади. Шу боис мутасадди раҳбарлар корхона ва тадбиркорларнинг мунтазам ишлашига кўмаклашиб, тушумларни кўпайтириш чораларини кўриши муҳимлиги таъкидланди.

Видеоселектор орқали ҳар бир мутасадди вазирлик, идора, ташкилот раҳбарлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ҳокимларининг кун тартибида белгиланган масалалар юзасидан ҳисоботлари эшитилди, дейилади хабарда.