Жиззахда карантин билан боғлиқ қоидаларни бузиб, ИИБ ходимига қаршилик қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 1 апрель куни 32 ёшли (судланган, ишсиз) фуқаро С.У. Lacetti’сини махсус рухсатномасиз бошқариб, Самарқанд—Тошкент йўналишининг Ғаллаорол тумани ҳудудига етганда шу ердаги йўл-патрул хизмати масканида хизмат вазифаларини бажараётган Миллий гвардия ва санитария-эпидемиология ходимлари томонидан тўхтатилган.

Жиззах вилояти ЙҲХБ ЙПХ инспектори С.У.дан тегишли ҳужжатларни тақдим этишини сўраганда у инспекторнинг қонуний талабларини бажаришдан бош тортиб, унинг кўкрак қисмига зарб билан урган. Қочиш мақсадида машинасини Тошкент томон ҳайдаб кетаётганида машинанинг чап томон олд эшигига осилиб қолган ЙПХ инспекторини 600 метр масофагача судраб кетган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Ғаллаорол тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳайдовчи ушланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 30 март куни соат 06:00 дан шахсий транспортдан фойдаланишга чеклов қўйилди. Фақат Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)га эга автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилди.