Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель, жума куни, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Президент «бугун мана шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун» муҳим фармонга имзо чекканини, унда аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланаётганини маълум қилди.

Жумладан, 2020 йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

«Қанчалик мураккаб бўлмасин, бюджетдан катта харажатларни талаб этмасин, қўшимча чораларни кўришга қарор қилдим», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.