Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель, жума куни, коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Йиғилишда Президент қийин вазиятда иқтисодиётни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун муҳим фармонга имзо чекканини маълум қилди.

Фармонга мувофиқ, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади.

«Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади.

«Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин», — дея маълум қилди Президент Шавкат Мирзиёев.