Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 3 апрель соат Тошкент вақти билан 9:00 ҳолатига 221 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар беришларича, касалланганлар сони бўйича сўнгги ахборот берилганидан бери беморлар сони 16 нафарга кўпайган.

«Ҳозиргина Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти билан бўлган суҳбатда аниқландики, беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти. Беморларнинг тўрт нафари — оғир, икки нафари эса нисбатан оғир аҳволда деб баҳоланмоқда», — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида.

Аввалроқ, 2 апрель 23:00 ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 205 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди. Мамлакатда илк касалланиш ҳолати қайд этилганидан бери 25 нафар бемор соғайди, икки нафари эса касалликдан вафот этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умра сафаридан Туркия орқали қайтган наманганлик аёлнинг коронавирусга чалинган 72 ёшли онаси 27 март куни тонгда инфарктдан вафот этгани, унинг дафн маросимида бирорта ҳам қариндоши қатнашмагани ҳақида хабар берилган эди.

Коронавируснинг Ўзбекистондаги иккинчи қурбони эса Тошкентда истиқомат қилган 39 ёшли шифокор экани айтилган эди — у касаллигини яшириб, ўзини уйда даволашга уринган. Ундан 14 ёшли қашқадарёлик жиянига ва асли навоийлик она-болага коронавирус юққан.