Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони карантинга олинганлар ҳисобига ортмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.

Кадр: YouTube

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус касаллигига чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар, эпидемик нохуш ҳудуддан олиб келинган фуқаролар, уларга тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимлари, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ҳам карантинда бўлиб турибди.

Қайд этилишича, карантиндан асосий мақсад ҳам хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли орасидан касаллик юқтириб олганларни эрта аниқлаб олиш ва касаллик тарқалишига йўл қўймаслик ҳисобланади.

Нурмат Отабековнинг айтишича, профилактик тиббиётда карантин тадбирлари касаллик ўчоғини аниқлаш, жиловлаш ва бартараф этиш учун қўлланилади. Шунинг учун ҳам карантинга олинганлар орасидан касаллик чиқиш эҳтимоли бўлган ва бунга тайёргарлик кўрилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 2 апрель, пайшанба куни, берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ киши карантинга олинган. Уларнинг 23 мингдан ортиғи стационар карантинда, 77 мингдан ортиғи эса уй шароитида карантин даврини ўтамоқда. Мамлакатда 29 мингдан ортиқ киши коронавирусни аниқлаш учун текширилган. Айни вақтга келиб 26 мингдан ортиқ киши карантиндан чиқарилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 221 кишига етди. Беморларнинг 25 нафари касалликдан тузалган, 2 киши вафот этган.

Аввалроқ Нурмат Отабеков вазият жиддий эканлигини, таваккал қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини айтган ҳамда ички ишлар, Миллий гвардия ва ОАВ ходимларини эҳтиёткорликка чақирган эди.