Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган беморларнинг эпидемиологик маршрути билан танишиш имконияти яратилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Скриншот: «Coronavirus.uz»

Хабар берилишича, коронавирусга чалинганлар ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида даволанишни бошлашидан аввал қайси жойларда бўлгани ҳақида маълумот бериши учун вазирликнинг коронавирус бўйича расмий сайти — «coronavirus.uz»да янги функция яратилди.

Сайтда касаллик қайси ҳудудларда тасдиқланганини ифода этувчи харита билан танишиш мумкин. Шунингдек, ушбу харита остида «Коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларнинг эпидемиологик маршрути» тугмаси мавжуд. Бу функция ёрдамида беморларнинг шифохонага келишидан аввал қаерда бўлганлигини кўриш мумкин бўлади.

Скриншот: «Coronavirus.uz»

Вазирликнинг қайд этишича, ушбу маълумотларни олгач, эҳтиёткорлик юзасидан бу ҳудудларга бормасликка ҳаракат қилиш керак.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусни даволашда фойдаланилаётган препарат номи маълум қилинган эди.

Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган жами беморлар сони 221 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 25 нафари соғайиб, реабилитацияга ўтказилган, икки нафари эса вафот этган.