19:36, 03.04.2020 // 143199

Ўзбекистонда коронавирусни даволашда фойдаланилаётган препарат номи маълум қилинди

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган беморларни даволашда хлорохин препаратидан фойдаланилмоқда ва бу ўз самарасини бермоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков 3 апрель, жума куни, бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Нурмат Отабеков нима учун Ўзбекистонда коронавирусни даволашда Кубада тайёрланган Интерферон альфа-2b препаратидан фойдаланилмаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, Интерферон альфа-2b препаратининг коронавирусга қарши самара бериши исботланмаган ва буни дунёнинг кўпгина мутахассислари ҳам тасдиқлаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда хлорохин препарати катта самара билан ишлатилмоқда. Бу препарат вирусли касалликларни даволашда қўлланилади. Шу нуқтаи назардан, ҳозир Ўзбекистон тиббиёти эришаётган ютуқлар ва 25 нафар беморнинг тузалаётгани фойдаланилаётган препарат самарали эканини кўрсатади.

Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган жами беморлар сони 221 нафарга етди — уларнинг 25 нафари соғайиб, реабилитацияга ўтказилган, икки нафари эса вафот этган.

Энг кўп ўқилган

Қидирув