Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель, жума куни, коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Йиғилишда қийин вазиятда иқтисодиётни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун муҳим фармонга имзо чекилгани маълум қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.

Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади.

«Интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик беради (бугунги кунда 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.