Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель, жума куни, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Фото: «Дарё»

Йиғилишда Президент қийин вазиятда иқтисодиётни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш учун муҳим фармонга имзо чекканини, унда аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланаётганини маълум қилди.

Жумладан, 2020 йил март июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.

«Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни қамраб оламиз (ҳозирда 600 мингта)», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, 14 ёшгача бўлган битта болали оилага нафақа миқдори 133,8 минг сўмни, иккита болали оилага 223 минг сўмни, учта ва ундан ортиқ болали оилага 312,2 минг сўмни ташкил этади. Бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа миқдори эса 446 минг сўмга тенг.