Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель, жума куни, коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда давлат раҳбари карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

«Мисол учун, мамлакатимизда 28 мингдан зиёд ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. Уларга ўтган йили 50 миллион доллар маблағ ажратилди, 12,5 мингта лойиҳа доирасида ҳунармандлар 75 мингдан ортиқ янги шогирдларни тайёрлади. Ушбу соҳа учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда. Яратилаётган бундай шарт-шароитлар ҳунармандлар учун катта имкониятдир», — деди Президент.

Ҳунармандларга мурожаат қиларкан, Президент уларнинг меҳнати, янги-янги ташаббуслари ҳозирги вақтда аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишини, шунингдек, тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерлар, корхоналар раҳбарлари берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланишлари кераклигини таъкидлади.

«Энг асосийси, жойларда ностандарт ечимларни излаб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва иш жойларини сақлаб қолиш, корхоналар фаолиятини давом эттириш зарур», — деди Президент.