Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель, жума куни, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Муҳокамаларга ўтишдан олдин давлат раҳбари яна бир бор Ўзбекистон халқига мурожаат қиларкан, коронавирус оқибатида вафот этган икки ўзбекистонликнинг оила аъзоларига ва яқинларига ўз номидан ва бутун Ўзбекистон халқи номидан чуқур таъзия билдирди.

Юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони 221 тага етди. Минг афсуски, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, беморлардан икки нафари вафот этди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур таъзия билдириб, сабр-тоқат ва бардамлик тилайман.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умра сафаридан Туркия орқали қайтган наманганлик аёлнинг коронавирусга чалинган 72 ёшли онаси 27 март куни тонгда инфарктдан вафот этгани, унинг дафн маросимида бирорта ҳам қариндоши қатнашмагани ҳақида хабар берилган эди.

Коронавируснинг Ўзбекистондаги иккинчи қурбони эса Тошкентда истиқомат қилган 39 ёшли шифокор экани айтилган эди — у касаллигини яшириб, ўзини уйда даволашга уринган. Ундан 14 ёшли қашқадарёлик жиянига ва асли навоийлик она-болага коронавирус юққан.

Маълумот учун, 3 апрель  Тошкент вақти билан соат 20:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган жами беморлар сони 221 нафарга етди — уларнинг 25 нафари соғайиб, реабилитацияга ўтказилган, икки нафари эса вафот этган.