Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Йиғилишда Президент россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдами ҳақида тўхталиб ўтди.

«Ўзбекистон фарзанди Алишер Бурҳонович Усмоновга алоҳида раҳмат демоқчиман. 20 миллион доллар пул ўтказиб берди. Янги Ўзбекистонга биринчи кундан бошлаб жуда катта кўмак, елкадош, мададкор бўляпти», — деди давлат раҳбари.

«Шу кунларда ўзлари ҳам Ўзбекистонда. Қайси давлатда коронавирусга қарши янги дори топилса, халқим учун ўзим пулини тўлаб олиб келиб бераман, деб айтяпти. Шундай ёрдамлари учун халқимиз номидан алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман», — деди Президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, Навоий вилоятидаги кластерлардан бирининг раҳбари куни кеча Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига 500 минг доллар нақд пул олиб келган. «Мана шу халқимга, ўзбек халқимга, деб. Мана қандай фарзандларимиз бор», — деди Ўзбекистон Президенти.

Аввалроқ миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига 20 миллион доллар ўтказиб бергани, бу пуллар Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги карантин учун махсус касалхонани тиббий асбоб-ускуналарни таъминлашга сарфланиши ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмоновнинг Тошкентдаги уйида ўз-ўзини ижтимоий изоляция қилган.