Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель, жума куни, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Суҳбат аввалида икки давлат раҳбарлари минтақага кириб келган янгиланиш ва яшариш байрами — Наврўз муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирди.

Президентлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди ҳамда шерикликни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, инвестициявий, банк-молия, маданият ва таълим соҳаларида кенгайтиришнинг истиқболли йўналишларини кўриб чиқди.

Эришилган келишувлар, шу жумладан, мамлакатлар пойтахтлари ўртасида қабул қилинган «йўл харитаси»ни амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўзаро манфаатли кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича қўшма фонд ташкил этишни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик ва минтақада пандемия оқибатларига қарши самарали курашиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик ва яқиндан мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар мамлакатларда кўрилаётган биринчи навбатдаги превентив чоралар ва эпидемиологик вазиятни назорат қилиш тадбирларини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Коронавирусга қарши курашишда фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, минтақавий ҳамкорликка оид ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашди.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши кураш масаласида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон президентлари билан телефон орқали мулоқот қилган.