Тошкентда коронавирус инфекциясини юқтириб олганликнинг клиник белгилари пайдо бўлганига қарамай, шифокорларга мурожаат қилмаган, оқибатда оғир аҳволда касалхонага ётқизилган ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган бемор ҳақида маълум қилинди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканали орқали қилган чиқишида айтиб ўтди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Куни кеча Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар институтига Х. исмли бемор олиб келинган. Олиб келинганидан кейин дарҳол сунъий нафас олиш аппаратига улашга эҳтиёж туғилди ва аҳволи ўта оғир, деб баҳоланди», — деди Нурмат Отабеков.

«Шу ўринда савол туғилади — шу вақтгача, касалликнинг клиник белгилари пайдо бўлганида, тиббиёт ходимига мурожаат қилмасдан, таваккалчилик қилишга, эътиборсиз бўлишга ушбу беморнинг қандай ҳақи бор эди? У атрофидагиларни, яқинларини, оила аъзоларини, қўйингки кенг жамоатчиликни хавф остига қўйишга қандай ҳақи бор эди? Мана шундай йўл тутиш хиёнат эканлигини у англаб етмадими?», — дея қўшимча қилди ҳукумат вакили.

Аввалроқ, коронавируснинг Ўзбекистондаги иккинчи қурбони ҳам ўзини уйда даволашга урингани, сўнг оғир аҳволда дастлаб Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига, кейин Вирусология илмий-текшириш институтига ётқизилгани, охир-оқибат вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, 3 апрель соат Тошкент вақти билан 9:00 ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга чалинган жами беморлар сони 221 нафарга етди — улардан 25 нафари соғайиб, реабилитацияга ўтказилган, икки нафари эса вафот этган.