Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги болалар боғчасида ўғрилик содир этилди. Бу ҳақда «Дарё»га маълум қилган вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латиповга кўра, ўғри боғчадан телевизор, микротўлқинли печ ва ошхона жиҳозларини ўғирлаган.

Маълум бўлишича, Вобкент туманидаги «Работоҳун» маҳалласида жойлашган оилавий мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Мунаввар Акрамова жорий йилнинг 28 март куни ИИБга мурожаат қилиб, боғчадан бир дона Artel телевизори, бир дона микротўлқинли печ, 3 дона ҳар хил турдаги ошхона қозонлари ҳамда бошқа жиҳозлар ўғирлангани ҳақида билдирган.

Тезкор-суриштирув жараёнида ўғриликни шу маҳалла фуқароси 22 ёшли С.Д. содир этгани аниқланган.

Бухоро ИИБнинг таъкидлашича, С.Д. жорий йилнинг 26 март куни соат 10:00 ларда боғча деворидан ошиб тушиб, ўғрилик содир этганини тан олган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддасининг 2-қисми «г» банди (Уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб ўғрилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.