Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида карантин бўлишига қарамасдан автомобиллар қатнови тўхтамаётгани танқид қилинди.

Бу ҳақда «Дарё»га маълум қилган фуқаронинг таъкидлашича, ушбу видео 2020 йилнинг 3 апрель куни кечки пайт 20:00 ларда тасвирга олинган.

«Қарши шаҳрининг Жайҳун кўчасидаги ҳолат бу. Мошиналар тинмаяпти. Мунча мошина... Қанақа карантин бу?», — дея савол беради видео муаллифи. Таъкидланишича, ушбу ҳолат кундуз куни ҳам давом этади.

«Дарё» мухбири Отабек Қўлдошевнинг ёзишича, Қарши шаҳридаги Ерқўрғон бозори олдидаги блокпостда ҳам йўловчи ташувчи Damas’лар пайдо бўлган.

«Бугун бозор қилиш учун Ерқўрғон бозорига бордим. Бозорга етмасдан шаҳарга киришда барпо этилган блокпостдан жисмоний шахсларга тегишли 2—3 та Damas’га кўзим тушди. Бемалол кириб-чиқяпти. Ажабланарлиси, постдан бозоргача бўлган, нари борса 2 километр масофага одам ташияпти», — дейди «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Ориф Худойбердиев.

Қашқадарё ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расуловадан вилоятда карантин қоидаларига амал қилмаётган ҳайдовчилар ҳақида маълумот сўрадик. Аммо мазкур саволимиз очиқ қолди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 1 апрелдан бошлаб махсус рухсатномасиз автомобиль бошқараётганларга қарши қўшма рейд бошланганди. Фарғонада эса махсус рухсатномасиз ҳаракатланган 171 нафар ҳайдовчи жавобгарликка тортилди. Шунингдек, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Қорақалпоғистонда ҳам ўзбошимча ҳайдовчиларга қарши рейд тадбирлари ўтказилгани маълум қилинганди.