Коронавирусга чалинган 14 ёшли қашқадарёликнинг отаси ва опаси ҳам касалликни юқтиргани маълум бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, вилоятда коронавирусга чалинган беморлар уч нафарга етган.

Хабар беришларича, беморнинг 36 ёшли отаси Тошкентда яшовчи қариндоши — рафиқасининг коронавирусга чалинган акаси билан яқин мулоқотда бўлган (рафиқасининг акаси 28 март куни касалликдан вафот этган). Беморнинг 16 ёшли опаси эса укаси билан мулоқот орқали касалликка чалинган.

Маълум бўлишича, 14 ёшли беморнинг онаси ва бошқа оила аъзоларида бу касаллик аниқланмаган.

Айни пайтда беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг ҳолати ўрта оғир даражада. Беморлар билан мулоқотда бўлганларнинг барчаси ва улар яшаган ҳудуд, Чироқчи туманининг Зум қишлоғи карантинга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 14 ёшли бемор вилоятнинг Чироқчи туманидан бўлиб, у ота-онаси билан 16—21 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб, 20—21 март кунлари қариндоши — коронавирусдан вафот этган иккинчи беморникида бўлган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 4 апрель соат Тошкент вақти билан 10:00 ҳолатига кўра, 241 нафарга етди.