Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик истиқболларини ҳамда ушбу ҳамкорликнинг мамлакат миллий манфаатларига таъсирини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилди.

Фото: «Дарё»

Сенат матбуот хизматининг хабар беришича, ишчи гуруҳ ҳукумат томонидан тақдим этилган таклифлар ҳамда мазкур масалага оид бошқа материалларни чуқур ўрганади, уларнинг кенг муҳокамасини ташкил қилади ва ўзининг хулосасини тайёрлайди.

Бунда ЕОИИга аъзо давлатлар тажрибаси, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этиш, ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириши, эркин савдо режимининг амалиёти каби қатор истиқболли имкониятлар батафсил ва атрофлича таҳлилдан ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ шундай ишчи гуруҳ Қонунчилик палатасида ҳам шакллантирилганди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида қўшилишини март ойининг бошларида маъқуллаганди. Энди таҳлилий ва комплекс баҳолаш ишлари асосида ишлаб чиқилган хулоса ва таклифларни Олий Мажлис палаталари кўриб чиқиши керак.