Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 4 апрель соат Тошкент вақти билан 10:00 ҳолатига 241 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, касалланганлар сони сўнгги баёнот берилганидан бери 14 нафарга ошган.

Аввалроқ, 3 апрель соат Тошкент вақти билан 23:00 ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 227 нафарга етгани маълум қилинган эди.

3 апрель соат 9:00 ҳолатига Тошкентда даволанаётган беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатилаётгани, тўрт беморнинг аҳволи оғир, икки нафарининг аҳволи эса нисбатан оғирлиги айтилган эди.

Мамлакатда илк касалланиш ҳолати қайд этилганидан бери 25 нафар бемор соғайди, икки нафари эса касалликдан вафот этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умра сафаридан Туркия орқали қайтган наманганлик аёлнинг коронавирусга чалинган 72 ёшли онаси 27 март куни тонгда инфарктдан вафот этгани, унинг дафн маросимида бирорта ҳам қариндоши қатнашмагани ҳақида хабар берилган эди.

Коронавируснинг Ўзбекистондаги иккинчи қурбони эса Тошкентда истиқомат қилган 39 ёшли шифокор экани айтилган эди — у касаллигини яшириб, ўзини уйда даволашга уринган. Ундан 14 ёшли қашқадарёлик жиянига ва асли навоийлик она-болага коронавирус юққан.