Қўлини кунига ўн марталаб ювиб оқартирганлар, бурнида ниқобдан из қолганлар, болаларнинг тўполонидан қулоғига пахта тиққанлар, тўрт девор орасида овқатланишдан, ухлашдан, кинодан ва ижтимоий тармоқлардан хит бўлганлар учун дайжестимизни бошладик.

Ўзбекистонни «ўз уйи»га айлантирган коронавирус вилоятларга юриш бошлади. Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус юққанлар мингтадан ошиб кетди, деб интернетда далилсиз хабар тарқатган қашқадарёлик фуқаро ўн кунга қамалган эди. Коронавирус инфекцияси аниқланган 145-бемор Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. У коронавирусдан вафот этган иккинчи беморнинг жияни бўлган. Унинг ота-онаси ва мулоқотда бўлганларнинг ҳаммаси назоратга олинган. Аммо унинг ота-онасида касаллик аниқланмаган.

Беморларнинг қаерда экани ва ёши ҳақидаги маълумотлар ҳам ошкор этилди. Коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 146 нафари Тошкент шаҳрида, 27 нафари Фарғона вилоятида, 28 нафари Наманган вилоятида, 30 нафари Андижон вилоятида, 14 нафари Бухоро вилоятида, 13 нафари Хоразм вилоятида, уч нафари Қашқадарё вилоятида ва икки нафари Навоий вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда.

Беморларнинг 120 нафари эркак, 143 нафари аёл бўлса, шундан 13 нафари вояга етмаган болалардир. Ёш бўйича тақсимот: 0-9 ёшгача – 8 нафар; 10-19 ёшгача – 10 нафар; 20-29 ёшгача – 51 нафар; 30-39 ёшгача – 63 нафар; 40-49 ёшгача – 73 нафар; 50-59 ёшгача – 40 нафар; 60-69 ёшгача – 13 нафар; 70-79 ёшгача — 5 нафарни ташкил этмоқда.

* * *

Бу ҳафтада инқирозга қарши чораларнинг иккинчи пакети қабул қилинди. Ушбу чоралар асосий истеъмол товарларидан бож ундирилмаслик; болали оилаларга имтиёз; ёлғиз кексалар ва ногиронларга ёрдам; туристик фирмалар ва карантинда тўхтаб қолган тадбиркорларга имтиёз; турли солиқ ва йиғимлар бўйича енгилликларни ўз ичига олади. Шу билан бирга, президент инқироз даврида ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тўхтамаслигини таъкидлаб, «битта корхона фаолиятини тўхтатишига ҳам ‘фавқулодда ҳолат’ деб қаралиши керак», деди.

* * *

30 март куни карантин даврида аҳоли ҳаракатини чеклаш учун автомобиллар махсус стикер асосида юриши жорий этилиши маълум қилинган эди. Тартибга кўра, жуда зарур ва кечиктириб бўлмас хизмат автотранспортларидан ташқари барча машиналар ҳаракати тўхтатилади. Стикер-рухсатнома олиш бўйича аризалар  қабули 4 апрель куни тўхтатилди. Ўзбекистон бўйича 23 546 та рухсатнома берилган, 81 241 таси рад этилган, 10 004 та ариза олувчиларнинг ўзлари томонидан қайтариб олинган.

Фото: «Koronavirus.info»

Стикер ҳаракатланишга имтиёз ҳисоблангач, карантинни писанд қилмасдан машина миниш ишқибозлари ҳар қандай қинғир йўл билан ҳам стикер олишга киришиб кетди. Кимдир овқат элтиш хизматининг курерига «айланмоқчи» бўлса, бошқаси «касал олиб кетаётган» ролига кириб ҳаракатланмоқчи бўлади. Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳаракатланиш рухсатномасининг суиистеъмол қилиниши жавобгарлиги ва жаримасини телеэфирда тушунтириб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, агар сиз давлат томонидан белгиланган тоифадаги ҳайдовчи бўлмасангиз, автомобилда ҳаракатланманг. 6 апрель соат 6:00дан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида скутер ва велосипедда ҳаракатланиш ҳам чекланади.

* * *

Хайр-саховатли инсонлар карантин вақтида дарҳол ишга киришиб кетди. Ижтимоий тармоқларда энг кўзга кўринган блогерлар Дилшод Болтабоев, Ақида Хоним, Абдувоҳид Атаметов ва бошқалар, шунингдек, Бухорода «Биз биргамиз», Қўқонда «Елкама-елка» акцияси фаоллари юзлаб муҳтож оилаларга энг зарур истеъмол моллари етказиб бера бошлади.

Бироқ 1 апрель куни Республика махсус комиссияси якка тартибдаги хайрия акцияларида вирус тарқалиши хавфи мавжуд, деган хулосага келиб, акцияларни тўхтатди. Комиссия хайр-эҳсон акцияларини марказлаштирилган тартибда амалга оширилишини белгилаб қўйди. Эҳсон қилинган маҳсулотлар бир ерда йиғилади, санитар-гигиеник талабларга мослиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига риоя қилинган ҳолда тегишли оилаларга етказиб берилади.

Алишер Усмонов «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фондига 20 миллион доллар ажратди. Бунга қадар ДХХБош прокуратура ва МИБ, Президент Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари коронавирусга қарши кураш учун ўз маошларининг бир қисмини мазкур жамғармага ўтказиб берган эди. «Қувасойцемент» корхонаси эса жамғармага 100 миллион сўм ажратган.

Спортчиларнинг хайрияларини алоҳида таъкидлаш лозим. Футболчи Отабек Шукуров биринчилардан бўлиб қийин аҳволда қолган оилаларга 100 миллион сўм ажратди. Одил Аҳмедовнинг ака-укалари ҳам Наманганда муҳтож оилаларга ёрдамлашди. Миржалол Қосимов эса коронавирусга қарши кураш учун 75 миллион сўм хайрия қилди.

Кўзга кўринган шахслар хайр-саховатда фаоллик кўрсата бошлагач, дарҳол кўпчилик санъаткорларни эслади ва уларнинг эҳсонда фаол эмаслигини танқид қилишга ҳам улгурди. Шундан сўнг таниқли санъаткорлар коронавирусга қарши курашишга 350 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратгани айтилди.

* * *

Коронавирус «юқмаган» хабарларимиз ҳам бор. Дунё бозорида нефть нархи қарийб сув текинга яқинлашиши ортидан Ўзбекистонда дизель ёнилғиси ҳам 300 сўмга арзонлади. Азалдан дунё бозорида нефть нархи ошиши Ўзбекистонда на бензин, на дизель баҳосига таъсир кўрсатган. Бироқ бу гал истисно бўлди. Дунё бозорида нефть нархи деярли уч баробар пасайган бўлса, Ўзбекистонда дизель 300 сўмга арзонлади. Ҳаттоки «Ўзбекнефтгаз» нархларни босқичма-босқич камайтириб боришга ваъда берди.

Фото: «Дарё»

Яна бир коронавируссиз позитив хабаримизни ўқинг. Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини 10 миллион сўм билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўтган йили 7,5 миллион сўмдан берилган эди.

* * *

Эртадан, яъни 6 апрелдан бошлаб «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилади: шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно; ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда икки метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади; 65 ёшдан юқори бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади. Аҳоли ташриф буюрадиган тегишли жойлар зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш вақтинча чекланади. Тўлиқ маълумот бу ерда.

* * *

Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши қатъий чора-тадбирларини кўпгина халқаро нашрлар маъқулламоқда. Хусусан, АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақалари ҳақидаги нашри The Diplomat, Британиянинг BBC сайтлари бу ҳақда ёзди. Шунингдек, «Дарё» бу мавзуда франциялик сиёсатшунос Эммануэль Дюпюи билан суҳбатлашди.

Яқиндагина ташкил қилинган «Coronavirus.uz» сайти вирус тарқалиши ва чоралар ҳақида тезкор ахборот бериб турибди. Унда коронавирус тарқалиш интерфаол харитаси, вилоятлар бўйича беморлар сони, онлайн тест ва бошқа зарурий ахборотлар мавжуд. Сайт маълумотига кўра, ҳозиргача вирус юқтирганлар 298, тузалганлар 30 нафарга етди. Қувонарлиси, бу ҳафта вирусдан вафот этган ўзбекистонлик йўқ.

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг. Энг асосийси, уйда қолинг, карантинга риоя қилинг.