Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 4 апрелдаги йиғилишида белгиланган қўшимча чора-тадбирлар доирасида, Ўзбекистонда 6 апрелдан эътиборан йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади.

Бунда ушбу мажмуаларга ташриф буюраётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 даража ва ундан юқори бўлганда, мазкур фуқаролар ушбу мажмуаларга киритишга йўл қўйилмайди. Бунда ушбу фуқароларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.

Шунингдек, марказлашган ҳолда пирометрларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига икки кун муддатда етказиб берилади.

Шунингдек, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) ҳамда карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда карантиннинг қачон тугаши номаълум — карантин даврини тугатиш Республика махсус комиссияси қарорига кўра амалга оширилади.