Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 5 апрель Тошкент вақти билан соат 10:00 ҳолатига кўра, 298 нафарга етди. Касалланганлар сони сўнгги баёнот берилганидан бери 32 нафарга ошган.

«Охирги тасдиқланганларнинг ҳам барчаси стационар шароитда карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган»– дейилади хабарда.

Аввалроқ, 4 апрель Тошкент вақти билан соат 17:00 ҳолати бўйича Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 263 нафарга етгани маълум қилинган эди.

3 апрель соат 09:00 ҳолатига кўра, Тошкентда даволанаётган беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатилаётгани, тўрт беморнинг аҳволи оғир, икки нафарининг аҳволи эса нисбатан оғирлиги айтилган эди.

Мамлакатда илк касалланиш ҳолати қайд этилганидан бери 25 нафар бемор соғайди, икки нафари эса касалликдан вафот этди.

Маълумот учун, аввалроқ Умра сафаридан Туркия орқали қайтган наманганлик аёлнинг коронавирусга чалинган 72 ёшли онаси 27 март куни тонгда инфарктдан вафот этган ҳақида хабар берилганди. Коронавируснинг Ўзбекистондаги иккинчи қурбони эса Тошкентда истиқомат қилган 39 ёшли шифокор экани айтилган эди — у касаллигини яшириб, ўзини уйда даволашга уринган. Ундан 14 ёшли қашқадарёлик жиянига ва асли навоийлик она-болага коронавирус юққан.

Шунингдек, Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки ўзбекистонлик — бир нафар эркак ҳамда бир аёл коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Сўнгги бир суткада дунё бўйича коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 79 мингта ҳолат қайд этилиб, инфекция билан касалланганлар сони 1,2 миллион кишидан ошиб кетди.