Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 4 апрелдаги йиғилишида белгиланган қўшимча чора-тадбирлар доирасида, Ўзбекистонда 6 апрелдан эътиборан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилади:

  • шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва бошқалар) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно;
  • ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади;
  • 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.

Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин.

Аввалроқ 1 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида «ўзини яккалаш» («самоизоляция») ҳаёт тарзи жорий этилгани, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда карантиннинг қачон тугаши номаълум — карантин даврини тугатиш Республика махсус комиссияси қарорига кўра амалга оширилади. Айни вақтда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат ва дори-дармон карантин даври охиригача бепул етказиб берилади.