Нью-Йоркдаги Бронкс ҳайвонот боғида йўлбарс коронавирус юқтириб олди, деб ёзмоқда «РБК». Бу ҳақда Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш жамияти (WCS) хабарида маълум қилинди.

Фото: Reuters

Қайд этилишича, Надиа лақабли 4 ёшли йўлбарсда COVID-19 тести ижобий чиққан. Унинг натижаларини таҳлиллар юборилган АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Миллий ветеринария хизмати тасдиқлаган.

Вазирлик маълумотларига кўра, бу дунёда йўлбарснинг коронавирусга чалиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат, АҚШда эса ҳайвоннинг коронавирус юқтириб олгани аниқланган биринчи ҳолатдир.

«Ҳозирги кунда ҳайвонлар одамларга вирус юқтириши мумкинлиги ёки уларнинг АҚШда инфекция манбаси бўлиши мумкинлигини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумот йўқ», — дея вазирлик хабаридан иқтибос келтирган AP.

Ҳайвонот боғида йўлбарс инфекцияни уни парваришлаётган ходимдан юққан бўлиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда. Касаллик унда аломатларсиз ўтган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Нью-Йорк АҚШда коронавирус тарқалишининг ўчоғи бўлиб қолмоқда. Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, шаҳарда коронавирусга чалинганлар сони 123 мингдан, вафот этганлар сони 4 мингдан ошиб кетган.