Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 390 кишига етди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, инфекция билан касалланганлар сони сўнгги баёнот берилганидан бери 48 киши ошган. Аввалроқ 5 апрель Тошкент вақти билан соат 23:59 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 32 нафарга ошиб, 342 кишига етгани ҳақида маълум қилинган эди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, коронавирусга чалингани аниқланган янги беморларнинг бари чет элдан келган ва стационар шароитида карантинга олинган, шунингдек, касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлган фуқаролар орасидан аниқланган.

Қайд этилишича, Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида айни пайтда 80 нафар бемор даволанмоқла, уларнинг 22 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир, деб баҳоланмоқда.

Нурмат Отабековнинг қўшимча қилишича, Эпидемиология, микробилогия ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида эса 67 нафар бемор даволанмоқда, улардан бир нафарининг аҳволи оғир, яна бириники эса ўта оғир, деб баҳоланмоқда.

5 апрель, якшанба куни, мамлакатда илк касалланиш ҳолати қайд этилганидан бери 30 нафар бемор соғайгани маълум қилинди. Шу вақтгача Ўзбекистонда касалликдан икки киши вафот этган. Шунингдек, Нью-Йоркнинг Бруклин қисмида икки ўзбекистонлик — бир эркак ҳамда бир аёл коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 1,3 миллион кишига, қурбонлар сони эса 70 минг кишига яқинлашган.