Кейинги икки ҳафта мобайнида коронавирус инфекциясини даволаш имконини берадиган препаратлар топилгани, янги моддаларнинг клиник синовлари бошлангани, айрим препаратларнинг тадқиқот-синовлардан ташқари ҳам қўллашга рухсат берилаётгани ҳақидаги ахборот оқими кескин кўпайди. Meduza эълон қилган бу борадаги таҳлилий мақолани «Дарё» таржима тариқасида тақдим этади.

Кўп жиҳатдан бу борадаги баҳсларнинг авж олишига АҚШ президенти Дональд Трампнинг безгакка қарши восита бўлмиш гидроксихинолоннинг «тиббиёт тарихидаги энг йирик кашфиётлардан бири» бўлиши эҳтимоли ҳақидаги баёноти сабаб бўлди. Трампнинг ушбу баёнотидан бир неча кун ўтиб, Россия тиббиёт-биология агентлиги раҳбари Вероника Скворцова ҳам Россияда бошқа бир безгак дориси – мефхолинни синаб кўриш бошланганини эълон қилди. 1 апрель куни эса Америка озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (FDA) томонидан безгакка қарши дорилардан клиник синовлардан ташқари ҳам фойдаланишга рухсат берилди.

Фото: Scanpix

ЭНГ AВВAЛО УШБУ ҚИСҚА БОБНИ ЎҚИБ ЧИҚИНГ! ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ДАВОЛАНИШ ЎЛИМГА ОЛИБ КЕЛИШИ МУМКИН!

Юқоридаги сингари хабарларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини муҳокама қилишдан олдин ушбу препаратларнинг самараси қанчалик даражада экани, уларнинг даво механизми моҳияти нимага асосланиши ҳамда бошқа мураккаб, лекин қизиқ жиҳатлари ҳақида сўз юритишдан ҳам аввал фавқулодда ўта муҳим бўлган қуйидаги нарсаларни фикр қилиб олишимиз шарт. Афсуски, ушбу оддий, лекин фавқулодда муҳим мулоҳазалар ахборот маконида авж олган юқоридаги сингари шов-шувли ғала-ғовур фонида ёддан чиқиб қолмоқда.

  • 31 март 2020 йил ҳолатига кўра, COVID-19 инфекциясини даволашга қодир бўлган, самарадорлиги клиник синовлар орқали тасдиқланган ва Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия қилинган бирорта ҳам махсус антивирус препарати мавжуд эмас!
  • Асословчи тиббиёт муайян дорининг самарадорлиги ва хавфсиз эканини исботланишини тасдиқлаши керак бўлган клиник синовларни ўтказилишини талаб қилади. Бу эса маълум вақтни олади. Бу вақт тадқиқотнинг қайси босқичда эканидан келиб чиқиб, бир неча ойдан икки йилгача ҳам бўлиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, коронавирус эпидемияси фаол тарқалаётганига уч ой бўлди холос.
  • Агар бирор препарат, восита ёки терапия усули клиник синовдан ўтказилаётган бўлса, бу ушбу нарсаларнинг ҳақиқатан ҳам самарали ва хавфсиз эканини белгиламайди: клиник синовлар айнан шуни аниқлаш учун ўтказилади аслида.
  • Клиник синовлар баъзан натижа бермайди. Тўғрироғи, муваффақиятли тугашдан кўра кўпроқ натижасиз тугайди.
  • Оғир ҳолатларда касалликка қарши махсус дори йўқ бўлган тақдирда врачлар касалликнинг кечишига оид умумий тушунча ва дориларнинг таъсир механизмларидан келиб чиқиб, ўзлари маъқул деб билган дориларни тахминан қўллаб кўриши мумкин. Бундай тахминий ишнинг ҳар бири хато бўлиб чиқиш эҳтимоли мавжуд. Лекин бу қарор хато бўлганини тўлақонли клиник синов якунига кўра билиб олиш мумкин холос.
  • Ушбу матнда сўз борадиган кўплаб дори воситаларини Россиядан топишнинг иложи йўқ.
  • Терапияни (агар шунга зарурат бўлса) фақат врач буюриши лозим.
  • Дориларнинг кўпи – заҳар.
  • Ўзбошимчалик билан ўз-ўзини даволаш ўта хатарли. COVID-19 инфекциясини ўзича «профилактика» қилишга уриниш оқибатида шу пайтгача бир неча киши вафот этди.

Фақат юқорида баён этилганларни қатъий ёдда тутган ҳолда вирусга қарши таъсир қилишнинг эҳтимолий йўллари, унинг ҳаёт цикли, вирусга қарши препаратларнинг ишлаш моҳияти ва механизмлари орасидаги фарқлари ҳамда бошқа жиҳатларини муҳокама қилиш мумкин. Алоҳида айтиб ўтамизки, ушбу маълумотларнинг аксарияти истисносиз равишда фақат академик жиҳатдан (илмий нуқтаи назардан) аҳамиятли бўлиб, фандан йироқ бўлган кўпчилик оддий аҳоли учун умуман қизиқ эмас.

Ҳозирда COVID-19 терапияси билан нималар рўй бермоқда? Клиник тавсиялар

Коронавирусга чалинган беморларни даволашда шифокорлар илмий мақолалар ёки клиник синовлар натижасига эмас (лекин улар инобатга олинади), балки Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига ва миллий клиник кўрсатмаларга амал қилишади.

Фото: Scanpix

Россия ССВнинг биринчи муваққат тавсиялари 29 январдаёқ эълон қилинган эди ва унда қуйидаги воситалар кўрсатилган: TOPC/SARS ўткир респиратор синдромини даволашда қўлланиладиган антивирус препарати бўлмиш – рибавирин; ОИВга қарши ингибиторлар бўлмиш лопинавир ва ритонавир ҳамда IFN-β1b рекомбинацияланган интерферон бўлмиш иммуномодулятор.

Ушбу ҳужжатнинг, яъни ССВ муваққат тавсияларининг сўнгги (тўртинчи) талқини 27 март куни янгиланди ва унда энди рибавирин препарати кўрсатилмади. Лекин бошқа тавсияларга қўшимча равишда эндиликда рўйхатда безгакка қарши восита бўлмиш хлорохин ва гидроксихлорохин ҳам кўрсатилган бўлиб, шунингдек, антителалар асосидаги препарат бўлмиш толизумаб ҳам қайд этилди.

Шу билан бирга, ҳужжатни ишлаб чиққан муаллифлар шуни алоҳида қайд этганки, кўрсатилган препаратларнинг COVID-19 вирусига қарши самарадорлигини тасдиқловчи объектив исботлар мавжуд эмас, шу сабабли ҳам уларни беморга буюриш «беморнинг ихтиёрий розилиги асосида» юритилиши лозим.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам COVID-19 борасидаги ўз клиник тавсияларида «ҳозирда муайян махсус даволаш турини тавсия қилиш учун ҳеч қандай исботимиз йўқ», дея очиқ тан олган. Лекин ташкилот мутахассислари ўтказилаётган терапиянинг барча экспериментал усулларини диққат билан кузатиб бормоқда ва ташкилотга аъзо мамлакатлардаги клиник синовлар доирасида ва ундан ташқари ҳолатларда ҳам қўлланилаётган препаратларнинг янгиланиб турувчи рўйхати юритиляпти.

Юқорида қайд қилинган воситалар ва уларнинг уйғунликларидан ташқари Бутунжаҳон ССТнинг мазкур рўйхатида, шунингдек, кортикостероидлар, бошқа антиретровирус препаратлари (ретровирус протеаз ингибитори дарунавир ҳамда ревертаз ингибиторлар эмтрицитабин билан тенофовир), ситостатиклар (руксолитиниб ва барицитиниб), иммуносупрессорлар, интерферонларнинг бошқа турлари, гриппни даволаш учун лицензияланган антивирус препаратлар (балоксавир, марбоксил, фавипилавир, арбидол/умифеновир) ҳамда яна кўплаб моддалар кўрсатилган.

Бир томондан Бутунжаҳон ССТ томонидан нисбатан «истиқболли» деб қаралаётгани ва шу сабабдан халқаро клиник синовларга киритилаётгани учун, бошқа томондан эса ОАВда кенг ёритилгани учун номи овоза бўлиб қолган препаратлар ҳақида қуйида сўз боради. Булар ремдезивир, калетра (лопинавир + ритонавир) ҳамда безгакка қарши препаратлар бўлмиш – хлорохин ва унга турдош препаратлардир.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бошчилигидаги бирдамлик дастури: тўрт хил терапия тури ва тўрт хил препарат.

18 март куни бўлиб ўтган Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус билан боғлиқ вазиятга оид навбатдаги мажлисида ташкилот бошлиғи Тедрос Гебрейесус «Бирдамлик» (Solidarity) номи остидаги халқаро кенг миқёсли клиник синовлар лойиҳасига старт берилганини маълум қилди. Бу лойиҳа доирасида турли мамлакатларда олиб борилаётган COVID-19’га қарши препаратларнинг клиник синовларига тааллуқли маълумотларни йиғувчи инфраструктура шакллантирилади.

Фото: Google Photos

Лойиҳанинг ғояси синов жараёнларини имкон қадар соддалаштиришга қаратилган. Маълумотларни йиғиш жараёнида беморлар ёпирилиб келиши туфайли катта юклама остида қолган, бироқ унчалик ҳам илғор ҳолатда бўлмаган тиббиёт марказлари ҳам иштирок этиши мумкин. Жараёнда касалликни қайд этишга оид қоғоз ишлари энг минимал даражага туширилади.

Sciense журналида келтирилган маълумотга кўра, ушбу лойиҳадаги маълумот йиғиш жараёнида бемор ҳақидаги ахборотни Бутунжаҳон ССТ сайтига киритиш ҳамда муассасада мавжуд препаратлар рўйхати ҳақида хабар беришнинг ўзи кифоя қилади. Шунингдек, беморнинг маълумотлари ошкор қилинишига унинг розилиги олингани ҳақидаги ҳужжатнинг электрон нусхаси илова қилинади.

Шундан сўнг система ушбу беморни бирор экспериментал гуруҳга ёки пласебо гуруҳига тасодифий усул билан қўшиб қўяди (пласебо гуруҳи бўлган тақдирда, албатта, муассасанинг ўзида тегишли препаратлар мавжуд бўлиши керак деб шарт қўйилади, чунки уларни БССТ келтириб бермайди). Сўнгра беморни даволаш билан шуғулланган шифокорлар терапиянинг якуний натижалари ҳақида маълумот бериши керак бўлади. Бунда беморга жавоб берилган вақт ва унга ўпкани сунъий вентиляция қилиниши тақозо этиладими ёки йўқ, албатта, бу ҳақида ҳам ахборот берилиши шарт.

18 март кунининг ўзидаёқ «Бирдамлик» лойиҳасига Аргентина, Баҳрайн, Канада, Франция, Эрон, Норвегия, ЖАР, Испания, Швейцария ва Таиланд мамлакатлари қўшилгани маълум қилинди. Россия касалхоналаридан ушбу лойиҳага маълумот юборилиши ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас. Ушбу мақолани эълон қилиш лаҳзасида ҳам ҳали Россия ССВ бу борадаги сўровга жавоб бермади.

Алоҳида қайд этиш жоизки, «Бирдамлик» лойиҳасида фақат тўрт хил терапия усули инобатга олинади:

  • Ремдезивир;
  • Хлорохин ёки гидроксихлорохин;
  • Лопинавир + ритонавир;
  • Лопинавир + ритонавир + β-интерферон (ИФН-β1б).

БССТ айнан шуларни нисбатан истиқболли деб қарамоқда.

Хлорохин, гидроксихлорохин ва бошқа безгакка қарши воситалар

Бу нима ўзи? Хлорохин – табиий модда бўлмиш хининга ўхшаш таркибга эга бўлган, безгакни даволаш учун ишлатиладиган сунъий олинган дори моддаси. Уни 1934 йилда немис кимёгари Ханс Андерсаг кашф қилган. Гидроксихлорохин эса унга жуда ўхшаш модда бўлиб, у хлорохиндан фақат иккита атомга (OH гидроксил гуруҳининг мавжудлиги билан) фарқ қилади холос.

Уларни қўллаш 1955 йилдан маъқулланган. Мефхолин эса хинолинлар билан айнан бир хил структура асосига эга бўлган фторли ҳосила бўлиб, лекин у хлорохиндан тамоман фарқ қилади; мефхолинни 1970 йилларда АҚШ ҳарбийлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, хинолинга нисбатан безгак вируси барқарорлик ҳосил қилиб олгач, (дори беморга таъсир қилмай қўйгач) амалиётда қўллана бошланди. Ушбу препаратлар безгакни даволаш учун анча эскиган, лекин ҳозирда ҳам қўллашга тавсия қилиниши мумкин.

Фото: Google Photos

Таъсир механизми қандай? Ушбу дориларнинг барчаси безгакни даволаш учун ишлаб чиқилган. Бироқ 2000 йиллар бошидан бери олимлар уларнинг икки хил қўшимча таъсири ҳам мавжудлиги юзасидан кенг баҳс олиб бормоқда. Бу дориларнинг икки хил ёрдамчи таъсири уларнинг кенг антивирус эффектига эгалиги ва одам иммун тизимига таъсири кучлилиги билан боғлиқ. 2003 йилдаги SARS вируси эпидемияси авж олган пайтда Роберто Кауда бошчилигидаги италян олимлари томонидан хлорохинни коронавирусга қарши ишлатиш таклифи илгари сурилган эди ва унинг вирусга қарши тахминан қандай таъсир механизмларига эга экани баён қилинганди.

Қисқасини айтганда, ушбу механизм тахминан қуйидагича ишлайди: хлорохин ҳужайра ичидаги эндосомага кириб бориб, унинг pH кўрсаткичини ўзгартиради (безгакда ҳам айнан шу нарса, фақат паразит ҳужайраси – безгак плазмодияси билан рўй беради). Шундан сўнг эндосомада ишлаб турган ва фаол ишлаши учун муайян барқарор кислотавийлик pH кўрсаткичи талаб этиладиган ферментларнинг фаолияти тўхтайди.

Айрим вируслар ҳужайраларга айнан шу йўл билан, эндосома ҳосил қилиш орқали кириб олади. Шу сабабли ҳам хлорохин назарий жиҳатдан кўплаб вирусларнинг ҳужайрага кириб олишдан тўсиб қўя олади. Бунда у вирус кира олиши учун керак бўладиган ферментларни ишдан тўхтатиб қўяди. Бироқ саналган барча моддаларнинг антивируслик хоссасининг молекуляр механизмлари ҳали аниқланмаган.

Бундан ташқари, жараённинг моҳиятини англашни қийинлаштирадиган нарса шуки, улар иммун тизимига ҳам катта таъсир кўрсатади. Иммун тизими эса вирусли инфекцияларда ва  айниқса, ўпкани сунъий вентиляциялаш талаб этилган ўткир респиратор дистресс синдромларида энг ҳал қилувчи асосий рол ўйнайди.

Нима сабабдан бу иш бериши мумкин? Хлорохин – таблетка кўринишида ичиш мумкин бўлган оддий ва арзон дори (масалан, ремдезивирдан фарқли ўлароқ). Унинг ҳам ўзига яраша ножўя таъсирлари мавжуд, умуман олганда, нисбатан хавфсиз деб қаралади. Хлорохин in vitro тажрибаларида, яъни лабораторияда етиштирилган ҳужайра намуналарида SARS-CоV-1, MERS ва SARS-CоV-2 коронавирусларининг ҳужайрага киришини тўсишни яхши уддалайди. У аввалроқ Чикугуня ва Денге вирусларига қарши ҳам шундай натижаларни берган.

Нима сабабдан бу иш бермай қолиши мумкин? Антивирус эффекти юзага келиши учун ушбу модданинг анчайин катта концентрацияси талаб этилади. Боз устига, унинг модел жониворлардаги ва тасодифий беморлардаги клиник синовлари орқали ўтказилган in vivo тажрибалари Чикугуня ва Денге вирусларига қарши ҳеч қандай ижобий самара бермаган.

Яқин Шарқ респиратор синдроми MERS вирусига ўхшаш вирус билан касалланган сичқонларда ўтказилган текширишларда хлорохиннинг қўлланиши нисбатан оз-моз ижобий кўрсаткич берган; бироқ шунга қарамай касал сичқон қонидаги вирус концентрацияси озаймаган. Одамларда ўтказилган синовларда эса худди шу препарат акс натижа берган: яъни қондаги вирус концентрацияси озайган, бироқ беморнинг ўзида ижобий ўзгариш кузатилмаган (тадқиқотлар турли гуруҳдаги беморлар ўртасидаги сезиларли клиник белгиларга олиб келмаган).

Яна нимани билиш муҳим? Трампнинг COVID-19’га қарши безгак дориларининг қўлланиши ҳақидаги баёнотидан кейин мутахассислар орасида ушбу баёнотда айтилган самарадорлик ҳақидаги гапнинг айнан ҳозирги вазиятда қанчалик ўринли экани борасидаги қизғин баҳслар авж олди. Sciense журналининг фикрича, АҚШ президентининг ушбу гапларига, энг аввало, машҳур вирусолог Дидье Рауль бошчилигидаги француз тадқиқотчиларининг ўтказган кичик таҳлиллари сабаб бўлган (Дидье Рауль биринчи навбатда улкан мимивирусларни кашф этгани ва ўзига хос антидарвинизм ғоялари билан машҳурдир).

Фото: Google Photos

Ундан аввалроқ Хитой томонидан ўтказилган оз сонли тадқиқотлар натижалари ҳам эътиборга олинган таҳлилда 42 нафар беморда кечган касалликнинг клиник белгилари юзасидан олинган кузатув натижалари келтирилади. Улардан ярмига гидроксихлорохин препарати азитромицин билан уйғунликда буюрилган ва олти кун давомида уларнинг бурун шилимшиғидаги вирус концентрацияси ўлчаб борилган. Ушбу таҳлил натижаларига кўра, тадқиқотчилар мазкур препарат вируснинг кўпайишини тўхтатиши ва шу орқали самара бериши ҳақидаги хулосага келишган. Бироқ ушбу тадқиқотга нисбатан кўплаб олимларда саволлар бисёр.

Биринчидан, бу шундай тадқиқотки, шифокорлар ҳам, беморлар ҳам якунда нима натижа олинишини яхши билган. Боз устига экспериментал гуруҳга ёки назорат гуруҳидан қайси бирига тушишни тадқиқотда иштирок этган беморларнинг ўзлари ҳал қилган. Одатда бундай қарорни қабул қилишга беморнинг аҳволи қай даражада экани таъсир кўрсатади ва касаллик қанчалик оғир ёки енгил кечаётганидан келиб чиқади. Иккинчидан, экспериментал гуруҳ ва назорат гуруҳларининг ўлчами жуда кичик бўлган. Учинчидан эса шилимшиқ моддасидан намуна олиш усули миқдорий жиҳатдан ўзини оқламайди, чунки ундаги вирус концентрацияси бошқа тасодифий омиллар натижасида ўзгариши мумкин.

Ва ниҳоят вирус концентрациянинг пасайгани фактининг ўзи беморни аниқ даволанди деб айтишга кафил бўла олмайди. Айниқса ўлим кўрсаткичи, ўткир респиратор синдромда иммун тизимининг фаолияти бузилиши билан чамбарчас боғлиқ бўлган бундай касаллик ҳолатида бу асло етарли омил эмас. Ушбу таҳлил натижаларига нисбатан эътирозлар ҳам бўлган.

Бутунжаҳон ССТ гидроксихлорохинни қўллашга оид қарши кўрсатмалар ва тавсияларга бағишланган алоҳида экспертлар йиғилиши ўтказган ва унинг якунларига кўра, мазкур модда юзасидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари жамланган ҳужжат шакллантирилди. Якунда эса юқорида айтилганидек, мазкур воситани «Бирдамлик» лойиҳаси доирасида синовларда қўллаб кўришга қарор қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, COVID-19’га қарши самараси исботланган препарат мавжуд эмас. Кенг миқёсли клиник синовлар натижаларини кутишга тўғри келади.

«Калетра» (лопинавир + ритонавир) ҳамда унга уйғун интерферон

Бу нима? ОИВ инфекциясини антиретровирус терапияси доирасида ишлатиладиган иккита протеаз ингибитор. Мазкур мақсадда фойдаланиш учун АҚШда 2000 йилда маъқулланган.

Таъсир механизми қандай? Лопинавир битта вирусдан бошқа вирус оқсиллари пайдо бўладиган, хусусан, унинг кўпайиши (репликацияланиши) учун хизмат қиладиган катта пропептиднинг бўлиниши учун керак бўладиган протеазлардан бири (3CLpro) ни ингибирлайди. Лопинавирнинг ўзи одам протеазлари орқали жигарда жуда тез парчаланади ва шу сабабли у бошқа бир ингибитор – ритонавир билан уйғунликда қўлланади.

Нега бу иш бериши мумкин? Лопинавир SARS ва MERS вирусларнинг кўпайишини тўхтатиши пробиркада ва модел ҳайвонларда синаб кўриб исботланган. У мустақил ҳолда ёки интерферон билан уйғунликда қўлланганда мартишка маймунларидаги синов-кузатишларида ҳамда MERS инфекциясига чалинган бир неча беморларда клиник ижобий натижаларни тақдим этган.

Фото: Google Photos

Нега бу иш бермай қолиши мумкин? Хитойда ўтказилган нисбатан йирик клиник синовларда лопинавир аллақачон синаб кўриб бўлинди, афсуски, у натижа бермади. Унда COVID-19 инфекциясига чалинган 199 нафар бемор иштирок этган. Синовдаги экспериментал гуруҳ аъзоларига икки ҳафта мобайнида 400 мг лопинавир ва 100 мг ритонавир берилган. Бироқ экспериментал гуруҳдаги беморларнинг ҳолати билан назорат гуруҳидаги беморларнинг ҳолати орасида ҳеч қандай ижобий фарқ юзага келмаган. Аксинча лопинавир қабул қилган бир неча беморларда унинг ножўя таъсирлари юзага чиққан.

Хулоса қилиб айтганда, COVID-19’га қарши самараси исботланган препарат мавжуд эмас. Кенг миқёсли клиник синовлар натижаларини кутишга тўғри келади.

Ремдезивир

Бу нима? РНКдаги ҳарфлардан бирининг аналоги. 2012 йилда Gilead фармацевтик компанияси кимёгарлари томонидан синтез қилинган.

Таъсир механизми қандай? Ушбу модда нуклеотид аналогларининг йирик синфига мансуб бўлиб, улар орасидан одатда махсус антивирус дорилар излаб кўрилади. Вирус ўзи учун янги РНК синтез қилишга киришган вақтда ушбу модда вирус ферментлари томонидан РНК синтезига жалб қилиниши мумкин ва шу чоғда у «ҳақиқий» нуклеотид эмаслиги сабабли уни ўз РНКсига қўшган вирусда занжир узилади ва у ўзидан кўпая олмай қолади.

Бу қандай иш бериши мумкин? Ремдезивир ўзида РНК тутадиган вирусларнинг кўплаб турларига қарши, хусусан, янги коронавирусга ҳамда Эбола вирусига ҳам қарши in vitro синовларда жуда яхши самара беради. Коронавирус бўйича жаҳоннинг энг кўзга кўринган мутахассисларидан бири Ральф Барик тадқиқот гуруҳи ҳозирги пандемия бошланишидан бироз аввалроқ ремдезивир препаратининг MERS инфекциясига қарши самарасини модел ҳайвонлардаги синов орқали кўрсатиб берган эди.

Бу нега иш бермаслиги мумкин? Ремдезивир – Gilead компанияси томонидан патентлаб олинган препарат бўлиб, уни АҚШдан ташқарида қўллаш имконияти амри маҳол. Айниқса, ушбу моддага нисбатан таламон  даражасидаги талаб юзага келган ва компания кенг жамоатчилик босими остида қолган вақтда бу жуда мушкул масала. Gilead аллақачон ушбу препаратни ишлаб чиқаришга тегишли бўлган ўз монополиясидан воз кечишига тўғри келди.

Ремдезивирнинг иккинчи мушкуллиги унинг инексия орқали юборилиши билан боғлиқ бўлиб, уни таблетка кўринишида чиқаришнинг иложи йўқ. Боз устига ремдезивир касалликнинг энг эрта босқичларида вирус юққан илк пайтларда нисбатан самарали бўлиб, бу унинг профилактика мақсадида қўлланишига ҳам монелик туғдиради.

Бошқа қийинчиликлар ҳам мавжуд. Грипп вируси ва бошқа кўплаб вируслардан фарқли ўлароқ, коронавирусларда ўз хатосини тўғрилаш имконига эга бўлган РНК-полимеразалари мавжуд. Бундай ҳолатда эса вируснинг мазкур хоссасини ҳам йўқ қилишга қаратилган қўшимча таъсир воситаси иштирокисиз, нуклеотид аналогларини ўзинигина қўллаш орқали кўп ўтмай тескари эффектга келиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Яъни коронавирус тез орада ушбу препаратга қарши бардошли бўлиб олиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, COVID-19 га қарши самараси исботланган препарат мавжуд эмас. Кенг миқёсли клиник синовлар натижаларини кутишга тўғри келади.

Терапиянинг муқобил турлари

Март ойи якунларига кўра, COVID-19 инфекциясининг терапиясига оид ўтказилган турли дориларнинг ва терапия усулларининг синовларига оид 260 га яқин тадқиқот натижалари ClinicalTrials.gov халқаро базасида қайд этилган. Хитойнинг шунга ўхшаш миллий сайтида ҳам тахминан шунча тадқиқот натижалари келтирилган.

Ўша барча экспериментал синовлар ичида, хусусан, ҳужайравий терапияни ҳамда кўпчиликка маълум бўлган колхицин заҳарини, шунингдек, Россияда машҳур бўлмиш арбидолни, касалланиб тузалган одамнинг қон зардобини беморга қуйиш амалиёти сингари терапия турларини учратиш мумкин. Ва албатта, ушбу мақолада юқорида санаб ўтилган ва БССТ рўйхатига киритилган барча антивирус препаратларини ҳам учратасиз.

Ушбу потенциал самарадорлик истиқболига эга бўлган воситаларнинг ҳар бири ҳақида холис ва муфассал маълумот беришнинг имкони йўқ. Бунинг ўрнини қоплаш учун эса энг кўп одам иштирокида ўтказилаётган тадқиқотлар ҳақидаги маълумотлар жамланган жадвални ҳамда мутахассислар учун керакли бўладиган ҳаволалар рўйхатини тақдим этамиз.

Дори воситаси ёки терапия номи Мамлакат Тахминан якунланиш муддати Иштирокчилар сони
Хлорохин ёки, гидроксихлорохин Халқаро 2021 йил, апрель 40 000
Шахсий тиббий таълим Венгрия 21 август, 2021 йил 7 576
Гидрокортизон, цефтриаксон, моксифилоксацин, левофлоксацин, гидроксихлорохин, лопинавир, ритонавир ва бошқалар Халқаро 2022 йил, июнь 6 800
Колхицин Канада 2020 йил, сентябр 6 000
Ремдезивир, интерферон бета-1а, гидроксихлорохин Франция 2023 йил, март 3 100
Вирусга қарши даволаш ва профилактика Испания 2020 йил, 15 июнь 3 040
Гидроксихлорохин АҚШ 2020 йил, 12 май 3 000
Рекомбинацияланган одам интерферони алфа-1б ва бошқалар Хитой 2020 йил, июнь 2 944
Гидроксихлорохин АҚШ 2022 йил, март 1 600
Азитромицин, хлорохин Канада 2020 йил, 31 декабрь 1 500
Хавфсизлик чоралари ҳақидаги ахборот жамланган анкета Халқаро 2020 йил, 9 апрель 1 500
Гидроксихлорохин Халқаро 2020 йил, сентябр 1 300
Лопинавир / Ритонавир Канада 2022 йил, 31 март 1 220
Гидроксихлорохин Халқаро 2020 йил, декабрь 1 116
Лопинавир / Ритонавир, Гидроксихлорохин ва бошқалар Маълумот йўқ 2021 йил, июль 1 000
Табиий тоза асал Миср 2020 йил, 10 май 1 000
Одамнинг биологик намуналари Франция 2023 йил, 23 февраль 1 000
Қон намуналари Франция 2020 йил, 16-октябр 1 000