Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, 6 апрель куни 1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Х. коронавирус инфекциясини юқтириб олиш натижасида маҳаллий клиникада вафот этди.

Фото: Bloomberg

22 март куни Р.Х.да касалликнинг биринчи аломатлари қайд этилган эди, унинг соғлиғи кескин ёмонлашиши муносабати билан 2 апрель куни у касалхонага ётқизилиб, ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ва сунъий комага туширилган эди.

«Ушбу даврда Бош консулхона унинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб турди», — дея хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирги пайтда Бош консулхона диаспорал ташкилотлар раҳбарлари ва фаоллари билан биргаликда унинг дафн маросими билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

«Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этади», — дея қўшимча қилинган ТИВ ахборотида.

Аввалроқ Нью-Йоркда икки ўзбекистонлик (бир аёл ва бир эркак) коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Арманистон, Қозоғистон ва Австриядаги Ўзбекистон фуқароларида коронавирус аниқлангани маълум қилинган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 15 мартдан 7 апрель соат 00:01 га қадар 457 кишида коронавирус аниқланган, уларнинг икки нафари вафот этган.