Крэнфилд илмий-тадқиқот университети олимларининг Environmental Science & Technology журналида эълон қилган илмий мақоласига кўра, канализация оқова сувларидаги муайян биомаркерларни аниқлаш орқали SARS-CoV-2 вируси тарқалишининг олдини олишга ҳисса қўшиш мумкин. «Дарё» олиб борилаётган изланишлар ҳақида маълумот беради.

Фото: Google Photos

Ҳозирда мазкур илмий даргоҳда оқова сувда коронавирус заррачаси мавжудлигини бир зумда аниқлаш имконини берадиган оддий қоғоз тест ишлаб чиқиш устида изланишлар олиб борилмоқда. Мақолада айтилишича, маиший оқова сувларнинг кимёвий таҳлили COVID-19 пневмониясининг потенциал тарқалиш ўчоқларини тезлик билан самарадор аниқлаш имконини беради. Таҳлил асосини касал одамларнинг канализацияга тушадиган нажаси ва сийдигида мавжуд бўладиган муайян вирус заррачаларнинг биомаркерларини аниқлаш ташкил қилади.

Ҳозирда ушбу илмий тадқиқот университети томонидан амалга киритилиши кутилаётган жуда оддий қоғоз тестлардан оқова сувларни йиғилиш ва тозалаш жойларида фойдаланиш мумкин бўлади. Оқова сувларнинг шаҳарнинг қайси ҳудудидан келаётганига қараб, манба бўйлаб юқорилаб бориш орқали тарқатувчи яшаётган жойни аввал даҳа, кейин муайян аниқ бир уй даражасигача аниқлаш имкони пайдо бўлади. Бу эса потенциал вирус ташувчиси бўлган одамлар яшаётган жойни аниқлаш ва изоляциялашда катта ёрдам бериши тайин.

Тест қоғозининг ишлаш моҳияти қуйидагича: оқова сувдан олинган намуна бир неча қават махсус кимёвий ишлов берилган қоғоз бўйлаб ўтказилади. Қоғоз вирус аминокислоталарини фильтрлайдиган қилиб тайёрланган бўлади. Шунингдек, қоғоз қатламларининг бирида вирус РНКси билан биокимёвий реакцияга киришадиган реагент мавжуд бўлади. Агар намунада вируснинг ўзи ёки унинг белгилари (изи, қолдиғи) мавжуд бўлса, тест қоғозининг ранги ўзгаради. Натижа шу пайтнинг ўзидаёқ визуал аниқланади.

Бу, айниқса, касаллик ташувчисининг ўзида инфекция асимптоматик, яъни яққол белгиларсиз кечаётган ҳолатда жуда қўл келади. Инфекцияга чалинган, лекин касаллиги кучли иситма ва қуруқ йўтал орқали яққол намоён бўлмаган беморларда ҳеч бўлмаса сийдик орқали вируснинг мавжудлигини билиш мумкин. Бунинг учун эса аҳоли пунктларидан чиқиб келаётган оқова сувларнинг таркибини шу усулда мунтазам таҳлил қилиб туриш керак бўлади.

«Бу усул муайян ҳудудда COVID-19 ташувчисининг бор ёки йўқлигини аниқлашга оид қимматли маълумотлар бера олади», — дея қайд этган тадқиқот ҳаммуалифларидан бири Чжегуэн Ян. Бундай тезкор скрининг методикаси орқали ҳудудда кечиктириб бўлмас профилактика ва карантин чораларини кўриш ва шу орқали эпидемияни жиловдан чиқиб кетишининг олдини олиш мумкин бўлади.

Ҳозирда SARS-CoV-2 вирусининг одам нажаси ва сийдиги орқали юқиши мумкинлиги исботланмаган бўлса-да, олимларнинг фикрича, ҳатто касалланиб тузалиб чиққанларнинг ҳам сийдик ва нажасида коронавирус РНКси яна икки ҳафта мобайнида сақланиб туриши мумкин экан. Боз устига, атипик пневмония қўзғатувчиси бўлган SARS-CoV вируслари устидан олиб борилган тадқиқотлар ушбу вирус оқова сувлардаги нажас ичида ҳам 24-48 соат мобайнида яшаб, тирик туриши мумкинлигини кўрсатган.

Мақолада айтилишича, Крэнфилд илмий-тадқиқот университети ишлаб чиқаётган мазкур қоғоз тестлар анча арзон нархда бўлади ва уни ҳар ким сотиб олиши мумкин. Олимлар тестнинг нархи бир фунт-стерлингдан ошмаслигини таъкидламоқда (тахминан, 12 000 сўм). Тестнинг жўн ва қулай экани эса уни қўллашда махсус билим талаб этилмаслигини ҳам белгилайди. Уни ишлатиш учун мутахассис шарт эмас, ҳар ким ўз оқова сувини ўзи текшириб тура олади. Ишлатиб бўлинган тест қоғозини эса ёқиб юбориш орқали йўқ қилиш лозим бўлади.

Тадқиқотчилар кейинчалик ушбу оддий тест қоғози асосида оқова сувидан бошқа патогенларнинг биомаркерларини ҳам аниқлаш имконини берадиган қилиб тестнинг бошқа модификацияларини ҳам чиқармоқчи.

Музаффар Қосимов тайёрлади.