Ўзбекистон мусулмонлари идораси карантинга доир фатволарни эълон қилди. Улар орасида закотни муддатидан аввал бериш, карантинга амал қилиш зарурлиги ва нархни сунъий ошириш, миш-миш тарқатиш мумкин эмаслиги кабилар бор. Қуйида уларнинг қисқача баёни келтирилди.

Фото: Facebook

Одамлар ўз жонини сақлаши лозим

Қайд этилишича, ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир. Шариатда улар «Беш зарурат» деб номланади. Яъни барча кишилар уларни асраб-авайлаши шартлиги таъкидланган. Жонни асраб-авайлаш тўғрисида кўплаб диний кўрсатмалар мавжуд.

Турли миш-миш ва асоссиз маълумотларни тарқатиш — ҳаром

Ислом шариатида хабарларнинг тўғри ёки нотўғри эканига қатъий ишонч ҳосил қилмасдан туриб, шошма-шошарлик билан ўзгаларга тарқатишдан қайтарилган. Чунки бундай хабарлар одамлар вабога қарши курашиш учун раҳбарларнинг атрофида жамланиб, жипслашиш зарур бўлган бир пайтда уларда хавотир, иккиланиш ва саросима кабиларни келтириб чиқаради.

Вабо тарқалганда нархларни сунъий равишда ошириш — ҳаром

Қайд этилишича, озиқ-овқат ва шунга ўхшаш нарсаларни сотиб олиб, уни то нархлар қимматлагунга қадар бозорга чиқармай ушлаб туриш (иҳтикор) шаръан ҳаромдир. Ислом дини жамиятга зарар бўладиган ҳар қандай монополистик хатти-ҳаракатни ҳукумат томонидан тўхтатилишини ёқлайди. Шунингдек, бундай пайтда ҳукуматнинг нарх қўйишда ҳаддан ошганларни тартибга солиши дин талабига мувофиқдир. Чунки бундай ҳолатда кўпчилик одамларнинг манфаатлари ётади.

Вабо тарқалган даврда одамларни янада қийинчиликка дучор қилиш, айниқса, одамларни кундалик озуқаларини ва тиббиёт воситаларини қимматлаштириш оддий ҳолдаги иҳтикордан кўра гуноҳи қаттиқроқ ва оғирроқ эканлиги таъкидланган.

Пандемияда чиқарилган тартиб-қоида ва қарорларга амал қилиш вожиб

Касаллик қайси юртда кенг тарқалса, карантин вожиб бўлади. Бундай пайтда ишлар соҳа мутахассислари ва шифокорларга боғлиқ бўлиб, барчага расмий идоралар томонидан чиқарилган қонун-қоида ва чора-тадбирларга амал қилиш лозимлиги айтилган. Таъкидланишича, биринчи навбатда касалликни кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан жорий қилинган карантинга амал қилиш зарур.

«Ҳар қандай юқумли касалликка чалинган киши касаллигини бошқаларга ҳам юқтириб, соғлом инсонларга зарар етишига сабабчи бўлиб, натижада ўзи гуноҳкор бўлмаслиги учун ўзини нохуш сезган вақтида зудлик билан шифокорга мурожаат қилиши лозим», — дейилади мақолада.

Шаръий ҳукмлар инсон манфаатларига зид эмас

Жума намози ва жамоат намозларига қатнашиш исломнинг шиорларидан ҳисобланса-да, инсонлар манфаатини юзага келтириш ҳамда улардан зарарни даф қилиш – Пайғамбарларнинг юборилишидан кўзланган олий ҳикматдир. Пайғамбарлар олиб келган аҳкомлар ўрни келганда инсон манфаатлари ислом шиорларидан устун туришини таъкидлайди. Жума намози фарз, жамоат бўлим намозларни адо этиш суннат бўлса, лекин уларни адо этиш билан зарар келиб чиқса, ана шу зарарнинг хавфи устун кўрилади ва инсонларни масжидларда тўпланишдан қайтарилади.

Соҳа мутахассисларининг масжидда ёки бошқа жойларда одамларни бир жойда тўпланиши хатарли экани, вируснинг кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши ҳақида тавсияларига биноан давлат мутасаддилари одамларнинг тўпланишига чек қўйиш ҳақида қарор қабул қилса, барча ушбу қарорга амал қилиши, гарчи жума ва жамоат намозларига бўлса ҳам хавф бартараф бўлгунига қадар тўпланишдан сақланиши лозим бўлади.

Шунга кўра Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши карантин даврида то вазият барқарорлашгунга қадар жамоат намозларини вақтинча масжидларда ўқимаслик ҳақида чиқарилган фатво талабларига қарши хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслик керак, деб айтмоқда.

Закотни муддатидан аввал бериш

Таъкидланишича, ислом барча кўриниш ва шаклларда ижтимоий бирдамлик тамойилини қўллаб-қувватлайди. Агар уни одатдаги пайтларда қўллаб-қувватласа, у хавфсизликка эришгунга қадар ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка муҳтож бўлган инқироз, пандемия, фавқулодда ва оғир вазиятларда уни фарз қилади.

«Қолаверса, меҳр-мурувватнинг энг кўзга кўринган шакллари бу – эпидемиянинг тарқалишидан азият чекканларга, бева аёлларга, муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиш каби хайрли ишлардир.

Шунингдек, сурункали хасталар ҳамда муҳтож бўлган нарсаларига эриша олмайдиган кексаларга хайрия маблағлари, хайр-эҳсон ёки закот маблағларидан ёрдам бериш лозим», — дейилади Мусулмонлар идораси берган маълумотда.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 504 кишига етди