Ер юзида пандемия ҳукм сураётган, жаҳон иқтисодиёти инқироз ёқасига келиб қолган бир вақтда сайёра аҳолиси 8 апрель, чоршанба куни, супер Ойни кузатиши мумкин бўлади, деб хабар берди Science Alert.

Фото: USA Today

Шу куни Ер узра энг ёрқин супер Ой кузатилади. Сайёранинг табиий йўлдоши 2020 йилда кузатиладиган қолган тўлин Ойлардан кўра ёрқинроқ ва каттароқ кўринади — у 7 фоизга «катталашади» ва 15 фоиз ёрқинроқ нур қайтаради. Бунинг сабаби Ой перигейга — ўз орбитасининг Ерга энг яқин нуқтасига тушади.

Супер Ойни сайёранинг турли қисмларидан туриб, турли вақт оралиғида кузатиш мумкин бўлади. Масалан, Австралияда у 8 апрель кечаси кўринса, европаликлар 8 апрелнинг илк соатларида кузатиши мумкин, АҚШ аҳолиси эса 7 апрель куни кечаси.

Супер Ой — тўлин Ой ёки янги Ой чиқиши Ойнинг Ерга максимал даражада яқинлашиш вақтига тўғри келган пайтда содир бўладиган астрономик ҳодиса. Ёрқин қизил ранг эса осмон жисми сайёра соясида туриши, ва унинг юзасига фақат ёруғликнинг бир қисми тушиши ҳисобига юзага келади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг февралида тармоқларда қип-қизил тусга кирадиган мовий Ойнинг, шунингдек, супер Ойнинг илк суратлари пайдо бўлганди.