Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 7 апрель Тошкент вақти билан соат 23:59 ҳолатига кўра, 16 кишига ошиб, 520 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Аввалроқ 7 апрель Тошкент вақти билан соат 15:00 ҳолатига кўра, вирусни юқтириб олганлар сони 32 кишига ошиб, 504 нафарга етгани маълум қилинганди.

6 апрель соат 09:00 ҳолати бўйича камида 31 нафар беморда пневмония аломатлари кузатилаётган эди; тўққиз беморнинг аҳволи оғир деб баҳоланган, улардан икки нафари сунъий нафас олиш аппаратига уланган эди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат 15 март куни аниқланган бўлса, ўтган давр мобайнида 30 киши соғайди, икки киши касаллик қурбони бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида коронавирусдан вафот этган ўзбекистонликлар сони уч нафарга етди. Бундан ташқари, Арманистон, Қозоғистон ва Австриядаги Ўзбекистон фуқароларида ҳам коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

6 апрель, душанба куни, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони кун давомида 115 нафарга ошганди. Бу бир кунда аниқланган беморлар сони бўйича рекорд натижа ҳисобланади. 7 апрель куни эса бир сутка давомида касалланганлар сони 63 нафарни ташкил этди.