Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин ортидан ўзбекистонлик 23 нафар актёр Истанбул шаҳридаги меҳмонхонада қолиб кетди.

Фото: Instagram / @ranoshodiyeva

Улар Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги «Мендирман» сериалининг Туркиядаги суратга олиш ишларига жалб этилган эди. Алишер Узоқов, Акбархўжа Расулов ва Адиз Ражабов «Sayyod.com»нинг «Дарча» лойиҳасида ўзга юртдаги карантинни қандай ўтказаётгани ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

«Ўзбекистондан 23 киши мана шу меҳмонхонада қолиб кетдик. Вазият бу даражада бўлади, деб ўйламагандик. Ҳаммаси жойида, фақат Ватан соғинчи қийнаяпти, оила аъзоларимизни соғиняпмиз. Сериални суратга олаётган «Bo‘zdag‘» продюсерлик компанияси вакиллари, бундан ташқари ўзимизникилар ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Тушлик ва кечки овқатни кўчадан етказиб беришмоқчи эди. Биз кўчадан нарса олиб егимиз келмагани учун, овқатни ўзимиз тайёрлаяпмиз. Эрталаб нонуштани ҳамма ўзи қилади. Кундуз овқатни эса ўзимиз пиширяпмиз.

Туркияда коронавирус чиққанидан кейин биз турган меҳмонхона карантинга олиниб, ташқаридан одам олинмади. Биз ҳам ҳозир кўчага деярли чиқмаяпмиз. Фақат яқин атрофдаги дўконга эҳтиёж бўлганида чиқиб келяпмиз», — дейди актёрлар.

Ҳозирда меҳмонхонада Алишер Узоқов, Акбархўжа Расулов, Адиз Ражабов, Жавоҳир Зокиров, Фарҳод Бадалов, Раъно Шодиева, Райҳон Уласенова, Юлдуз Ражабова, Феруза Норматова, Акмал Мирзо, Алихан, Фарҳод Саидов каби таниқли актёрлар карантинни ўтказмоқда. Улар декабрь ойидан бери Туркияда қолмоқда.

Актёрларнинг айтишича, фильмни суратга олиш ишларига тайёргарлик жараёни уч ой давом этган. Улар турк тилини, шунингдек, от минишни, қиличбозликни ўзлаштирган.

«Биз сизларни жуда соғиндик. Атрофдаги ҳамма нарсанинг қадрига етинглар, айниқса оиланинг. Энг асосийси эса уйда ўтиринглар. Бу ўқилмаган китобларни ўқиш, кўрилмаган фильмларни кўриш учун яхши имконият. Бу имкониятдан фойдаланиб қолинг», — дейди актёрлар мухлисларига мурожаат қилиб.

Эслатиб ўтамиз, туркиялик таниқли продюсер ва режиссёр Меҳмет Бўздағ 2018 йилда Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори, моҳир саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм суратга олиш истагини билдирган ҳамда бу борада ўзбекистонлик ҳамкасблари билан музокаралар ўтказган эди.