Европадаги энг йирик авиакомпания Lufthansa коронавирус пандемияси сабаб қанча молиявий маблағ йўқотаётганини маълум қилди. Компания бош директори Карстен Спорнинг айтишича, зарар соатига тахминан бир миллион еврони ташкил этади, деб ёзмоқда «Rte.ie».

Фото: Spiegel

Спорнинг баёнотига кўра, коронавирус пандемияси даврида Lufthansa ташкил қилинганидан бери ҳали кузатилмаган энг катта муаммога дуч келди. Бутун дунёда касалликка қарши кўрилаётган чоралар сабаб миллионлаб одамлар ўз уйларида қолиб, парвозларни бекор қилди, оқибатда «авиация соҳаси тиз чўкишга мажбур бўлди».

Айни вақтда Eurowings, SWISS, Brussels Airlines ҳамда Austrian Airlines каби компаниялар бошқарувини назорат қилувчи Lufthansa кунига 3 минг нафардан ҳам камроқ йўловчи ташимоқда, эпидемия бошлангунигача ушбу рақам 350 минг нафарни ташкил қиларди.

«Биз ҳафталар давомида ҳар куни соатига тахминан бир миллион евро миқдоридаги маблағни йўқотяпмиз. Ушбу инқирозни давлат кўмагисиз енгиб ўтишимиз имконсиз», — дея таъкидлаган Lufthansa бош директори компания ходимларига йўллаган видеомурожаатида.

Шунингдек, у авиакомпаниялар гуруҳини қутқариб қолиш учун улар фаолият олиб бораётган давлатлар ҳукумати вакиллари билан музокара олиб бориш бўйича муҳокамаларни бошлагани ҳақида ҳам айтиб ўтди. Музокаралар Берн, Берлин, Брюссель ва Венада ўтказилади.

Lufthansa раҳбари компаниянинг инқирозни енгиб ўтиш мақсадида молиявий захираларидан тўрт миллиард евро сарфлаганини ҳам алоҳида қайд этди. Бироқ кейинчалик вазиятнинг ёмонлашуви оқибатида харажатларни қисқартириш бўйича кескин чоралар кўрилган. Жумладан, Germanwings бюджет парвозлари бекор қилинган ва компания флотидаги 40 та самолётдан воз кечилган. Охир оқибат етти мингдан зиёд одам ишсиз қолган. Уларнинг кейинги тақдири нима кечиши борасида касаба қўмиталари бош қотирмоқда.

2019 йилда Lufthansa Group компанияси Европадаги энг оммавийлашган авиакомпания деб топилганди. Ўтган йили Lufthansa Group таркибига кирувчи авиакомпаниялар миллиондан ортиқ рейсни амалга оширган ва самолётларнинг ўртача юкламаси 80 фоиздан ҳам кўпроқ эди.