Бугун, 12 апрель – Юрий Алексеевич Гагарин инсоният тарихида биринчи маротаба очиқ коинотга парвоз қилган кун. Сана тарихи ва қизиқарли фактлар ҳақида «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов маълумот беради.

1961 йилнинг 12 апрель санасида қандай оламшумул воқеа юз берганини кўпчилик яхши билади. Ўша куни рус йигити Юрий Алексеевич Гагарин «Восток» космик кемасида башарият тарихида биринчи маротаба очиқ коинотга парвоз қилган ва космосни ўзлаштириш эрасини очиб берган эди. У Бойқўнғир космодромидан 9:07 да ўзининг машҳур хитоби – «Поехали!» дея стартга чиқиб, 108 дақиқа мобайнида Ер шари атрофида орбитал парвозда бўлди ва соат 10:55 да Саратов вилоятидаги Смеловка қишлоғидаги дала ҳудудига муваффақиятли қайтиб қўнди.

Фото: Google Photos

Бу инсониятнинг жуда буюк қадами эди. Мисли кўрилмаган ушбу илмий-техник ютуқ ортида биринчи фазогир Юрий Гагариндан ташқари космонавтика ва фазовий парвозлар бош муҳандиси, конструктор Сергей Королёв ва унинг муҳандислар жамоасининг мислсиз меҳнатлари сингганини айтиб ўтмаслик адолатдан бўлмайди.

Мазкур тарихий воқеа космик тадқиқотлар соҳасида катта имкониятларни очиб берди. 1962 йилдан бошлаб бу сана космонавтика куни сифатида кенг нишонланадиган бўлди. Ушбу санани байрам куни сифатида нишонлаш таклифини  биринчи космик парвозда Юрий Гагариннинг дублёри бўлган иккинчи фазогир – Герман Титов берган эди.

Буни қарангки, фазони ўзлаштириш борасида яна бир ўта муҳим лойиҳа бўлган АҚШнинг Space Shuttle шатллар парвози лойиҳаси ҳам айнан 12 апрель санасидан бошланган. Ўшанда Колумбия космик мокиси Жон Кеннеди номли космик парвозлар марказидан стартга чиқиб, икки кун ва олти соатдан сал кўп вақт мобайнида очиқ фазода учди ва яна Эдвардс ҳарбий базасига қайтиб келиб қўнди.

Албатта, бу оралиқда ҳам бир неча ўнлаб муҳим космик парвозлар амалга ошди. Хусусан, илк халқаро ҳамкорликдаги космик парвозни 1975 йилда Совет Иттифоқининг «Союз-19» ва АҚШнинг «Аполлон» космик кемалари амалга оширди. АҚШнинг ўзи «Аполлон» лойиҳаси орқали 1969 йилда Ойга инсон парвозини ташкиллагани ҳам тарихан улкан воқеа бўлди.

Қолаверса, яна ўнлаб автомат космик аппаратлар ташқи ва ички сайёралар орбитасига етиб борди ва уларнинг айримларининг сиртига қўнишга ҳам эришди. Ҳозирда Ер атрофида ҳам минглаб сунъий йўлдошлар айланиб учиб юрибди ва улар бизга турли жараёнларда беназир кўмак бермоқда. Масалан, уяли алоқа, сунъий йўлдош телевидениеси, GPS-навигация ва ҳоказолар ушбу космик парвозларсиз имконсиз бўлган бўлур эди.

Коинотни тадқиқ қилишдаги янги кенг имкониятлар, айниқса фазогирлар мунтазам яшаб ишлайдиган орбитал станциялар барпо қилиниши билан янада жадаллашди. Масалан, авваллари орбитада «МИР» халқаро орбитал станцияси ишлаган бўлса, ҳозирда 2000 йилдан буён Халқаро Космик Станция – ХКС фаолият юритмоқда. У 15 мамлакат биргаликда яратган космик лойиҳа бўлиб, АҚШнинг Хьюстон ва Россиянинг Королёв шаҳарларидаги бошқарув марказлари томонидан тун-у кун узлуксиз режимда назорат қилинади. Ҳозирда ХКС йирик космик илмий лабораторияга айланган десак муболаға бўлмайди.

Умуман олганда, 1961 йил 12 апрелдаги Юрий Гагариннинг илк космик парвозидан буён қирққа яқин мамлакатларнинг 400 нафардан ортиқ фазогири коинотга парвоз қилди.

Космонавтика куни байрами дастлаб фақат СССРнинг ўзида нишонланган бўлса-да, яна ўша иккинчи фазогир – Герман Титовнинг таклифи билан Совет Иттифоқи ҳукумати ушбу санани халқаро байрам куни сифатида нишонлаш ташаббусини БМТга киритди. 1968 йил, Халқаро авиация федерациясининг 61-Бош конференциясида 12 апрель санасини Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни деб эълон қилишга келишиб олинган эди.

2011 йилнинг 7 апрелидаги БМТ резолюцияси орқали Юрий Гагарин парвозининг 50 йиллиги муносабати билан БМТ Бош ассамблеяси 12 апрелни инсоннинг коинотга парвоз қилган куни халқаро байрами сифатида нишонлаш ҳақида қарор чиқарди. БМТнинг ушбу резолюцияда, шунингдек, коинотни ўзлаштиришда бутун инсониятнинг умумий манфаатларини рўёбга чиқариш, космосни фақат тинчлик мақсадларида тадқиқ қилиш, барча давлатларнинг космик тадқиқотлардан тенг манфаат кўринишини таъминлаш кераклиги борасида алоҳида қайд этиб ўтилди.

Ушбу муҳим сана муносабати билан барча авиация мутахассисларини, космик тадқиқотлар соҳасидаги изланувчиларни, конструктор, муҳандис ва фазогир-учувчиларни табриклаб қоламиз. Коинотни ўрганиш ва ўзлаштиришдек мураккаб ишда муваффақиятлар тилаймиз.