Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавируснинг уй ҳайвонларига юқиш-юқмаслиги юзасидан маълумот берди.

Фото: «Дарё»

«Коронавирус касаллигининг қўзғатувчилари қирқдан кўпроқ бўлса ҳам, ундан фақат 7 тасигина одамларда касаллик чақира олади. Уларнинг 4таси бутун дунёда учраб туради ва шамоллашнинг белгилари сингари намоён бўлади. Уларнинг иккитаси одамлар учун жуда хавфли деб баҳоланган. Булар: SARS-CoV-1 ва SARS-CoV-2 (COVID-19).

Агарда уйингизда боқаётган итингиз ёки мушугингизда одамларда кузатилаётган коронавирус касаллиги клиникасига ўхшаш белгилар пайдо бўлса, зинҳор буни COVID-19 деб ўйламанг. Итларда ҳам, мушукларда ҳам грипп, парагрипп, мушуклар ЎРС (мушук астмаси) кузатилиши мумкин.

Уй ҳайвонларида ҳам баъзан у ёки бу паразитар касалликлар натижасида ўпка яллиғланиши (пневмония), ўпка ва юрак етишмовчилиги, дирофиляриоз касаллигининг (гелминтозлар чақирадиган паразитар касаллик) юрак шакли ҳам учрайди. Лекин COVID-19 одамлардан ҳайвонларга, уй ҳайвонларидан одамларга ўтганини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумот йўқ» –, дея таъкидлаган Нурмат Отабеков.

Январда бу каби вируслар ҳайвондан одамга, шунингдек, одамдан одамга юқиши мумкин. Лекин фақат еттита коронавирус (Хитойдагиси ҳам) одамларда касаллик келиб чиқишини қўзғатиши маълум қилинган. 31 январда «ЎзА»да Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаевнинг ёввойи табиатда илоннинг кўршапалакни ейиши, кейинчалик илоннинг Хитойдаги бир кичкина қишлоқда, энг оддий бир ошхонада овқатланиш столида яхши пишмаган деликатесга айланиши оқибатда вирус мутация бўлиб, чала қовурилган таом истеъмоли оқибатида одам жисмини эгаллаши ҳамда атрофдагиларга ҳам юқиши ҳақида кичик мақоласи эълон қилинганди. Кейинчалик 17 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков матбуот анжуманида оронавирус аслида ҳайвонлардан одамга юқадиган вирусли касаллик ҳисобланиши, лекин COVID-19 одамлардан ҳайвонга юқадиган касалликлар сирасига кирмаслиги, шунинг учун коронавируснинг одамдан ҳайвонга юққан ҳолати тасдиқланмагани ҳақида айтиб ўтган.