АҚШ давлат котиби Майк Помпео Германиянинг Билд нашрига берган интервьюсида келажакда коронавирус пандемиясининг айбдорлари топилиши кераклигини айтди ва Хитой ушбу касаллик ҳақида вақтида хабар бермаганини таъкидлади, деб ёзмоқда «РИА Новости»

Фото: Reuters

«Хитойнинг Ухань шаҳрида бошланган бу вирус, бу эпидемия ҳақида вақтлироқ хабар топмаганимиздан афсусдамиз. Хитой ҳукумати, Хитой Коммунистик партияси бу маълумотларни ўз вақтида тақдим этмади», — деган у.

Уханда бошланган касаллик туфайли давлатларга етказилган зарар учун Хитой жавобгар бўлиши керакми, деган саволга жавобан Помпео айбдорлар борасида ҳали «мунозаралар» бўлишини билдирган.

«Бизга глобал мунозаралар керак. Бу вирус қачон ва қаердан пайдо бўлганини тушуниш жуда муҳим. Вақти келиб жиноятчилар жавобгарликка тортилади. Шундай бўлишига ишончим комил. Айни пайтда дастлаб Америка, сўнг жаҳон иқтисодиётини яна ишга тушириш учун амалдаги ишларга эътибор қаратиш лозим. Ҳали айбловлар вақти келади», — деб таъкидлаган АҚШ давлат котиби.

Эслатиб ўтамиз, COVID-19 коронавирус инфекцияси дастлаб Хитойнинг Ухань шаҳрида қайд этилганди. Жорий йилнинг 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни пандемия деб эълон қилганди.

Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, айни пайтда дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 1 миллион 920 минг кишидан, вафот этганлар сони 119 минг кишидан ошди. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 1054 кишини ташкил қилмоқда.