2012 йилнинг августида Curiosity космик аппарати Марс сайёрасининг Гэйл кратери юзасига қўнган эди. Айни вақтда марсоход Шарп тоғида бўлиб, турли тошлар ва тупроқларнинг кимёвий таркибини аниқлаш билан банд. Намуналарни йиғиш учун марсоход манипулятор-қўллардан фойдаланади. 12 апрель куни эса унинг «қўллари»ни тозалаш эҳтиёжи туғилди. NASA вакиллари Curiosity аппарати қандай қилиб мустақил равишда «қўллари»ни тозалаганини сўзлаб берди.

Фото: NASA

Бир қанча муддат давомида марсоход Шарп тоғида жойлашган Эдинбург қудуқлари номли ҳудуддан намуналар йиғиш билан шуғулланган. NASA’нинг таъкидлашича, манипуляторни тозалаш учун Curiosity уни юқорига кўтариши ва шунчаки силкитиши кифоя. Бу вақтда эса марсоходнинг ўзи ортга чекиниб, чанг ва тупроқ зарраларининг пастга тушишига имкон яратиб беради.

«Сув ва совун йўқлиги марсоходни ‘ювишъда қийинчилик туғдиради, бироқ биз барибир унинг жиҳозлари максимал даражада тоза қолишини кузатиб келамиз», — дейилади хабарда.

Манипуляторни мунтазам тозалаб туриш «Қизил сайёра»нинг турли ҳудудларидан олинган намуналарнинг аралашиб кетмаслигига хизмат қилади. Curiosity космик аппарати Марсдаги тошлар ва тупроқнининг кимёвий таркибини ўрганишда APXS спектрометридан, физик хусусиятларини эса МAHLI камераси ёрдами ўрганади. Ушбу камера ёрдамида аппарат март ойининг охирида селфига ҳам тушган эди.

Фото: NASA

Яқин кунлар давомида Curiosity ChemCam комплекс жиҳозлардан фаол фойдаланишга ўтади. Унинг ёрдамида марсоход Эдинбург қудуғининг ички деворларини ўрганади, шунингдек, бир қанча жойларни суратга олади.