Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида фермерлар бўш шартномага муҳр босиб, имзо қўйишга мажбурланмоқда. Бу ишга ҳатто профилактика инспекторларию, маҳалла раислари ҳам жалб қилинган.

Фото: «Дарё»

«Уйимизга Мадиёр исмли профилактика инспектори келиб, ‘пустой’ шартнома берди ва ‘печат босиб, имзо қўйиб берасиз деди’. Шартнома бўм-бўш экан. ‘Қандай шартнома бу? Нега, ‘пустой’ шартномага печат ураман’, деб сўрадим. ‘Агар эътирозингиз бўлса, маҳалла идорасига боринг’, деди. Бордим. Борсам, туман ҳокими ўринбосари Акром Арипов бор экан. ‘Кластер тугатилди, кооперация тузилади, печат босиб имзолаб беринг. Агар қаршилик кўрсатcангиз, ерингиз туман захирасига қайтарилади’, деди. Еримизни олиб қўймасин деб, ‘пустой’ шартномага печат уриб, қўл қўйиб бердик», — дейди Қарши тумани Ҳилол қишлоғи ҳудудида фаолият юритувчи фермерлардан бири.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган фермерларнинг айтишича, бу ҳаракатларнинг барчаси Президент ишонч билдирган тадбиркор раҳбарлигидаги кластер фаолиятини тўхтатишга қаратилган.

Фото: «Дарё»

«Туман ҳокимлиги мантиқсиз ишга қўл урди. 2020 йилнинг январь ойида кластер билан шартнома тузганмиз ва ўша шартнома ҳалиям ўз кучида. Бекор қилинмаган. Қолаверса, айни кунгача еримизни чигит экишга тайёр қилиб қўйганмиз. Энди чигит экамиз деб турганда шартномани ўзгартириб, фермерларни сарсон қилишдан нима наф?», — дейди фермер Ҳаққул Турсунов.

Ҳаққул Турсунов

Фото: «Дарё»

Ноқонуний шартномани имзолатишга масъул «Ҳилол» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саидаҳмад Каримов қилаётган иши хатолигини тан олди ва ҳоким ўринбосари фермерлар шартномага имзо қўймаса, ерини тортиб олишини айтганини тасдиқлади.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири ушбу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, маҳаллий раҳбарлар босимидан паноҳ сўраган кластер раҳбари Нурбек Эргашев билан суҳбатлашди.

Нурбек Эргашев

Фото: «Дарё»

Тадбиркорнинг айтишича, Қарши тумани ҳокими пахта кластеридан ғалла учун 5 миллиард 800 миллион сўм маблағ ўтказишни талаб қилган. Рад жавобини олгач, кластер сифатидаги фаолиятини тугатишга киришган.

«Тумандаги ғалла ҳосилини озиқлантириш ва ғалла ўриш комбайнларини таъмирлаш учун пахта етиштириш мақсадида ажратилган маблағдан 5 миллиард 800 миллион сўм тўлаб беришимни талаб қилишди. Табиийки, буни рад этдим. Сабаби бизнинг ташкилот пахта кластери ҳисобланади. Қолаверса, пахтага ажратилган пулни ғаллага берсам, эртага қандай жавоб бераман?», — дейди Sulton tex group хусусий корхонаси раҳбари Нурбек Эргашев.

Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева кластер раҳбаридан ғалла учун пул сўраганини инкор қилди.

Мақсуда Мустафоева

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Кластер раҳбари Нурбек Эргашев ўзбошимча, селектор йиғилишларига чақирсак-да, қатнашмайди. Вакилини юборади. Вакили эса биз айтган ишни бажаролмайди. Телефон қилсак, жавоб бермайди. Шу пайтгача туман учун на боғча қуриб берган, на мактаб. Ҳатто карантин пайтида ёрдамга муҳтож одамларга хайрия қилишни ҳам ўзига эп кўрмади», — дейди Қарши тумани ҳокими.

Маълум бўлишича, Sulton tex group хусусий корхонаси 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, 2018 йилдан бошлаб тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқара бошлаган. Давлат раҳбари 2018 йил 13—14 декабрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида Sulton tex group хусусий корхонаси фаолияти билан ҳам танишган. Ўшанда вилоятда пахта етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган пахта тўқимачилик кластери ташкил этилаётганлигини маълум қилган.

Фото: «Дарё»

«Муҳтарам Президентимиз корхона томонидан фойдаланишга топширилган лойиҳа қиймати 17 миллион доллардан иборат ип йигирув фабрикаси ва Қарши туманида пахтани кластер усулида етиштириш бўйича ташкил этилган ишлар билан танишиб, юқори баҳо берди ҳамда 2019—2020 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган трикотаж мато фабрикаси, тикув фабрикаси, пахта тозалаш заводи ва ёғ ишлаб чиқариш заводи лойиҳаларини маъқуллаб, тегишли топшириқлар берганди. Шу ишларни бажариб келяпмиз. Аммо маҳаллий раҳбарлар ўзбошимчалик билан ноқонуний талаб қўйиб, босим ўтказишда давом этмоқда», — дейди тадбиркор.

Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг айтишича, кластер раҳбари фермерлар билан ҳисоблашмай қўйган. «Ўзим 3-4 марта айтдим. Нурбекжон, сувчига этик олиб беринг. Фонар олиб беринг. Ниқоб ва антисептик воситалар олиб беринг ,деб илтимос қилдим. Аммо Нурбек Эргашев ўзи билганидан қолмади», — дейди Мақсуда Мустафоева.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган бешкентлик фермерларнинг айтишича, кластер раҳбари монополияга айланган.

Фото: «Дарё»

«Ўтган йили уруғлик пахтамизни нам тушди деб қабул қилмади. Қолаверса, пахтамизни арзон баҳолайди. Чигитни эса бизга қиммат нархда сотади. Ўзимизда мавжуд техникаларимизни ишлатишга йўл қўймайди. ‘Ҳамма ишни ўзимнинг техникам бажаради’ дея бизнинг техникаларимизга ёқилғи бермайди», — дейди кластер фаолиятидан норози фермерлар.

Фермерларнинг айтишича, улар ҳар доим селекторларда фаол қатнашади. Аммо кластер раҳбари селекторга келмайди. «Биз фермерлар ҳар селекторга келиб ўтирамиз, аммо кластер раҳбари келмайди. Дардимизни кимга айтишни билмаймиз», — дейди фермерлардан яна бири.

Фото: «Дарё»

Кластер фаолиятидан қониқмаётган фермер Шомурод Султоновнинг айтишича, туманда бўм-бўш шартномага муҳр босиб, имзо қўйиш одатий ҳол. Бу собиқ ҳоким Ғайрат Бегалиев даврида ҳам бир неча маротаба такрорланган.

Фермер Турсунпўлат Ҳақбердиевнинг фикрича, бўш шартнома ташаббускори бўлмиш фермерлар кооперациясига ҳам ишонч йўқ. Энг маъқули — ҳудудда 4-5 та кластер ташкил этилиб, фермерни ўз ҳолига қўйиш.

Тадбиркор Нурбек Эргашевнинг айтишича, ғаллага пул бериши лозимлиги ҳақидаги ноқонуний талаб, нафақат туман ҳокими, балки вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам бир неча бор такрорланган.

Фото: «Дарё»

«Туман ҳокими ҳамда вилоят ҳокимлиги масъулларининг гапига рад жавоб берганим, ноқонуний талабни бажармаганим менга қимматга тушмоқда. Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев вилоятга ташрифи чоғида мени чақириб, ‘сен менинг талабимни бажармадинг, шунинг учун энди кластермассан’ дея шунча меҳнатимни бир оғиз гапи билан йўққа чиқарди, — дейди тадбиркор Нурбек Эргашев. — Мен Президентнинг адолатига ишониб шунча иш қилдим. Хориждан миллионлаб маблағ сарфлаб, техника олиб келдим. Агар кластерлик фаолиятим ўзбошимча раҳбарлар гапи билан тугатиладиган бўлса, миллионлаб долларга олиб келинган техникаларим темир-терсакка айланади».

Фото: «Дарё»

Айтилишича, Нурбек Эргашев ташаббуси билан 2019 ва 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида трикотаж мато фабрикаси, тикув фабрикаси, пахта тозалаш заводи ва ёғ ишлаб чиқариш заводи ҳам ишга туширилган. Пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган 100 миллион доллар қийматидаги 15 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Фото: «Дарё»

«Бугунги кунга қадар 40 миллион доллар миқдоридаги 7 та лойиҳани амалга ошириб, 2280 та янги иш ўрини яратдик. Жорий йил якунига қадар 24 миллионлик яна 4 та лойиҳа ва 2021 йилда 36 миллион миқдоридаги 4 та лойиҳа ишга туширилиб, жами 3700 та иш ўрни ташкил этилади», — дейди Нурбек Эргашев.

Туман ҳокими янги иш ўринлари туманнинг ўзида яратилмаганига эътироз билдирмоқда. «Ишга келганимга бир ой бўлган бўлса, туманда бирорта янги иш ўрни яратилганини кўрмадим», — дейди Мақсуда Мустафоева. Тадбиркор эса 2019 йил туман бюджетига салкам 29 миллиард сўм солиқ тўлаганини айтмоқда.

Қайд этилишича, жорий йил 9 апрель куни бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев раислигида мажлис баёни тузилган бўлиб, унда Sulton tex group хусусий корхонаси раҳбарлигидаги кластернинг 4 та айби санаб ўтилган ва унинг фаолияти тўхтатилишига сабаб қилиб кўрсатилган.

Фото: «Дарё»

«Мазкур йиғилиш баёнида биз ҳақимизда келтирилган маълумотлар асоссиз. Биринчидан, ‘пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ циклини қамраб олган қайта ишлаш қувватлари мавжуд эмас’, дейилган. Ҳолбуки, корхонадамизда пахтани чуқур қайта ишлашнинг барча босқичлари мавжуд: пахта тозалаш заводи, тайёр кийим-кечак тикувчилик фабрикаси, пахта зараркунандаларига қарши курашиш бўйича биолаборатория, ёғ ишлаб чиқариш заводи, ип йигирув фабрикаси ҳамда трикотаж мато фабрикаси фаолият юритмоқда.

Иккинчидан, ‘2020—2021 йиллар учун аниқ ҳисоб-китобларга асосланган лойиҳалар ишлаб чиқилмаган’ дейилган. 2020—2021 йилларда замонавий уруғчилик цехи, сифат сертификат лабораторияси, асал тайёрлаш ва қадоқлаш цехи, ип йигирув фабрикаси, тўқима мато фабрикаси, бўёқ фабрикаси, чорвачилик лойиҳаси, сут ва гўштни қайта ишлаш заводлари каби яна 8 та лойиҳани амалга оширишни режа қилганмиз.

Учинчидан, ‘Агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида пахта етиштиришда ҳосилдорлик паст бўлиб, 2019 йилда 19,4 центнерни ташкил этган ва 2018 йилга нисбатан 10,9 центнерга камайган’ дейилган. Қарши туманида 2018 йилда 15 700 гектар ер майдонига пахта экилган бўлиб, 30 895,5 тонна ҳосил етиштирилган ёки 19,6 центнер ҳосилдорликка эришилган. 2019 йил кластер тизими жорий этилгандан сўнг 15 000 гектар ер майдонига пахта экилиб 30 647,3 тонна пахта етиштирилган ёки 20,4 центнер ҳосилдорликка эришилган. Ҳосилдорлик 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 0,8 центнерга оширилган.

Тўртинчидан, ‘Фермер хўжаликларига етказилган моддий ресурслар ва кўрсатилган хизмат нархларини оширилган қийматда тақдим этиб келган. Оқибатда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги таъминланмаяпти’ дейилган. Корхона томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари билан фермер хўжаликларига кўрсатилган механизация хизматлари нархи вилоят ва туман машина-трактор парклари томонидан белгиланган нархлардан паст қилиб белгиланган. Фермер хўжаликларига етказиб берилган минерал ўғитлар ва бошқа моддий ресурслар нархи ҳам туман ва вилоят ‘Агрокимётаъминот’ корхоналари томонидан белгиланган нархлардан паст нархда берилган», — дейди Нурбек Эргашев.

Туманнинг Ипак йўли ҳамда Тахтапул ҳудудудларидаги фермерлар ҳам шартнома тузишда мажбурлаш ҳолатлари юз бераётгани ҳақида шикоят қилишди.

Фото: Telegram

Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева бўш шартномалар ва фермерларга профилактика инспекторларию, маҳалла раислари томонидан босим бўлаётгани ҳақидаги саволимизни очиқ қолдирди ва кейинроқ жавоб беришини айтди.