АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида Вашингтон Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг бюджетига бадал тўлашни тўхтатишини маълум қилди, деб хабар беради Reuters.

Фото: AP Photo

Трамп вазият муҳокама қилингунига қадар ўз администрациясига бу борада тегишли топшириқ берган. Мамлакат раҳбарининг таъкидлашича, бу каби қарор ЖССТ ўзининг асосий вазифасини бажара олмагани ва бунинг учун жавоб бериши лозимлиги фонида қабул қилинган.

Трампнинг фикрича, ташкилотнинг хатти-ҳаракатлари Хитойнинг COVID-19 коронавируси тўғрисида дезинформация тарқатишига олиб келган, бу эса ўз навбатида касалликнинг янада кенг тарқалишига сабаб бўлган.

Дональд Трампнинг сўзларига кўра, америкалик солиқ тўловчилар ҳар йили ЖССТ бюджетига 400-500 миллион доллар ўтказиб беради, Хитой эса 40 миллион доллар тўлайди. «АҚШ ташкилотнинг асосий ҳомийси сифатида ЖССТ тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олишини талаб қилиши керак», — дейди президент.

Шунингдек, АҚШ президенти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ислоҳ қилиш ниятида эканлигини маълум қилди, бу масала бошқа давлатлар билан муҳокама қилинади. БМТ бош котиби Антониу Гуттериш эса Трампнинг ушбу қарорини нотўғри вақтда қабул қилинган деб баҳолади.

Аввалроқ Трамп Хитой ва Россиянинг дезинформациясига қарамай, АҚШ етакчилигини намойиш этиш учун Италияга ёрдам беришини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, COVID-19 коронавирус инфекцияси дастлаб Хитойнинг Ухань шаҳрида қайд этилганди. Жорий йилнинг 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни пандемия деб эълон қилганди.