Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётининг 2020 йилда 3 фоизгача қулаши мумкинлигини тахмин қилди, бу 2008—2009 йилларда кузатилган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давридагидан ҳам ёмон кўрсаткич бўлиши мумкин. Бу ҳақда ХВЖнинг «Жаҳон иқтисодиёти кутилаётган натижалар» (World Economic Outlook) ҳисоботида маълум қилинган.

Фото: IMF

Базавий сценарийга кўра, коронавирус пандемияси 2020 йилнинг иккинчи ярмида тўхтаса ва унга қарши кураш бўйича чекловлар босқичма-босқич олиб ташланса, 2021 йилда дунё иқтисодиёти иқтисодий фаоллик нормал кечса 5,8 фоизга ўсади, бунинг учун иқтисодиётни сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш талаб қилинади.

ХВЖ прогнози бўйича ривожланган мамлакатларда иқтисодиётнинг қулаши йилига 6,1 фоизни ташкил этади. Рақамлар АҚШда 5,9 фоиз, Германияда 7 фоиз, Францияда 7,2 фоиз, Италияда 9,1 фоиз, Испанияда 8 фоиз, Японияда 5,2 фоиз, Буюк Британияда 6,5 фоиз, Канадада 6,2 фоиз бўлади.

Ривожланаётган мамлакатларда қулаш кўрсаткичи 1 фоизгача бўлиши мумкин. Хитойда 1,2 фоизга, Ҳиндистонда эса 1,9 фоизга ўсиш кузатилади.

2020 йил январида қилинган прогнозлар билан таққослаганда кутилаётган натижалар яна ҳам ёмонлашган. Январда ХВЖ 2020 йил учун 3,3 фоиз, 2021 йил учун эса 3,4 фоизлик ўсишни башорат қилганди.

Жамғарма директори Кристалина Георгиева ХВЖнинг жаҳон иқтисодиётида Буюк тушкунлик давридан ҳам ёмонроқ иқтисодий оқибатларни прогноз қилаётганини таъкидлаган. Дунёда ҳали кузатилмаган инқироз юз бериши, COVID-19 ижтимоий ва иқтисодий тартибни бузгани, энди инсонлар тасаввурига сиғмаган даражада катта ҳажмдаги йўқотишлар кузатилишини айтиб ўтган.