АОКА ҳузуридаги махсус штабда ташкил этилган брифингда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Рамазон ойида таровеҳ ва жума намозларини уйда ўқиш масаласидаги саволга жавоб берди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»/Мадина Нурман

«Таровеҳ намози суннати муаккада (Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳар доим бажариб, жуда кам ҳолатларда тарк қилган суннати) намози бўлиб, ҳозирги карантин вақтида уни масжидда адо қилиш имконияти бўлмагани боис, уйда ёлғиз адо этиш ҳам жоиз. Лекин хонадон аҳли билан жамоат бўлиб адо қилиш афзалдир. Таровеҳ намозида имомдан ташқари бир киши бўлса, жамоат билан адо қилганнинг савобига эга бўлади.

Шунингдек, жума куни оила аҳли билан жамоат бўлиб пешин намозини ўқиш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Мусулмонлар идораси вакили карантин вақтида бу амал жоиз эканлигини таъкидлади.

«Ҳозирги кунда масжидларимиз карантин сабабли ёпилгани учун жума намозининг ўрнига уйда пешин намози ўқилмоқда. Чунки бу ҳолатда жуманинг дуруст бўлиш шартларидан бири умумий рухсат (изни омма) бўлмаяпти. Жума намози масжидларда ўқилиб турган пайтларда узрли ва узрсиз кишиларнинг уйда пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳдир, яъни жоиз эмас. Чунки бу ишларда жуманинг жамоатини камайтириш ва буйруққа қарши йўл тутиш бордир. Карантин ҳолатида эса оила аҳли, фарзандлар билан пешинни жамоат бўлиб ўқишда жуманинг жамоатини камайтириш ҳам, буйруққа қарши йўл тутиш ҳам мавжуд эмас», — деди Ҳомиджон Ишматбеков.