АОКА ҳузуридаги штабда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков иштирокида ўтказилган брифинг чоғида бу йил коронавирус инфекцияси тарқалган даврга тўғри келаётган Рамазон ойидаги ифторлик масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Фото: «Дарё»/Мадина Нурман

Жумладан, ифторлик харажатлари бир кишига берилса, ифторлик берганнинг савобига эришиши бўйича берилган саволга жавоб берар экан, Ишматбеков Ислом динида рўзадорга ифторлик қилиш улкан савоб эканлигини таъкидлади.

«Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу ҳақда шундай деганлар: ‘Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда берилади’.

Шундай экан, ифторлик харажатларини муҳтож, камбағал рўзадорларга бериш билан киши уларга ифторлик қилиб берганнинг савобини олади. Чунки ифторлик қилиш деганда, албатта, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағини бериш энг яхши ифторликдир, чунки шуниси риёдан ҳоли бўлади.»

Брифинг давомида, шунингдек, Рамазон ойи рўзасини тута олмайдиган икки тоифа кишилар: рўза тутишга кексалиги сабаб ярамайдиган ва сурункали касали бор инсонларнинг рўза тутмасдан ҳидия беришлари мумкинлиги таъкидланди. Бироқ ҳидия Рамазон ойи киришидан аввал эмас, балки рўза ойи кириши билан бир йўла 30 кунлик ёки ҳар кунига алоҳида ҳидия чиқариш мумкинлиги қўшимча қилинди.

Бундан аввал Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида ифторлик савобидан умидвор бўлган инсонларнинг ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказиши мумкинлиги қайд этилган.