Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят тадбиркорларига мурожаат қилиб, карантин сабабли тўхтаб қолган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўлга қўйишга чақирди.

Фото: «Дарё»

Айни пайтда Андижон вилоятида 28 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтиб, фаолият юритади. Мамлакатда тарқалган коронавирус пандемияси сабабли уларнинг аксарияти ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоятдаги тадбиркорларга мурожаат қилиб, карантин ҳамда инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилган ҳолда ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

«Коронавирус пандемияси бизни анча мураккаб аҳволга солиб қўйди. Лекин бу билан ҳаёт тўхтаб қолмаслиги керак. Тўғри, халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун. Бироқ ишлаб чиқаришни давом эттирмайдиган бўлсак, бутун иқтисодиётимиз издан чиқиб кетиши, эртага бугунгиданда мураккаб вазиятга тушиб қолишимиз мумкин. Шунинг учун 30—50 нафар ишчи ишлайдиган турли йўналишлардаги цехлар, умуман, барча катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини тиклашимиз лозим», — деди онлайн мурожаатда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Вилоят ҳокимининг қайд этишича, тадбиркорлар коронавирус юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга риоя этган ҳолда корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўриши керак. Иш бошлаган корхоналарда ишчи-хизматчилар саломатлигини назорат қилиш, дезинфекция ишларини ташкил этиш учун шифокор ва мутахассислар бириктириб берилиши маълум қилинди.

Шунингдек, вилоят ҳокими тадбиркорларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга, хусусан, кредит олиш, солиқ, кредит тўловлари муддатини узайтириш юзасидан уларга кўмак беришга тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Вилоят ҳокими мурожаатда умумтаълим мактаби, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, айниқса, ёши улуғ инсонларни уйда қолишга, китоб ўқишга, фойдали иш билан шуғулланишга, умуман, вилоят аҳолисини агар зарурат бўлмаса, кўчага чиқмасликка, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.

Аввалроқ Андижонда коронавирусга чалинган беморларнинг 78 нафари тиббиёт ходимлари эканлиги ҳақида хабар берилган эди.